Кенгашнинг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Кейинги вақтларда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича сезиларли чора-тадбирлар кўрилди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур институционал база яратилди.
Бугунги кунда фаолият кўрсатаётган 9 200 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилоти жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилишда, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришишда муҳим роль ўйнамоқда.
Шу билан бирга ушбу соҳадаги ишларнинг ҳолати амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда, фуқароларнинг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишда, уларнинг маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларини қондиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштирок этишига тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигидан далолат бермоқда. Хусусан:
биринчидан, давлатнинг фуқаролик жамияти билан самарали ва конструктив мулоқот механизмлари йўлга қўйилмаган, нодавлат нотижорат ташкилотларининг эҳтиёжлари тизимли таҳлил қилинмаяпти, давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг муҳим масалалари бўйича ўзаро фикр алмашиш учун самарали майдонлар яратилмаган;
иккинчидан, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга нодавлат нотижорат ташкилотларини жалб қилиш даражасининг пастлиги барча ижтимоий гуруҳларнинг турли нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ифодаланадиган манфаатларини чуқур ўрганиш ҳамда инобатга олишга имкон бермаяпти;
учинчидан, етарли қонунчилик базаси яратилганлигига қарамай, ижтимоий шериклик давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида фуқароларнинг кенг кўламли ижтимоий муаммоларини ҳал қилишга, уларнинг, айниқса, ёшларнинг ташаббуслари ва замонавий ғояларини ҳақиқатда илгари суришга қаратилган ҳамкорликнинг самарали механизмига айлана олмади;
тўртинчидан, мамлакатни социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан янада ривожлантириш бўйича инновацион ғояларни таклиф қилувчи фаол, ўзининг ташаббусларига таяниб фаолият кўрсатадиган нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чоралари лозим даражада амалга оширилмаяпти;
бешинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш жараёнларини, уларнинг фаолияти тартибини белгиловчи қонунчилик нормаларида ортиқча бюрократик талаблар ва ғовлар назарда тутилган бўлиб, бу нормалар эскирган ва замон талабларига жавоб бермайди;
олтинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қўлланилаётган идоралараро ҳамкорлик усуллари самарасиздир, давлат органлари ўртасида маълумотлар ва ахборот алмашишнинг ягона механизмлари мавжуд эмас;
еттинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг моддий-техника таъминоти ҳанузгача қониқарсиз ҳолатда қолмоқда, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга давлат томонидан ажратилаётган маблағлар ўрта муддатли ва узоқ муддатли кенг кўламли ҳамда умумреспублика миқёсидаги лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишга имкон бермаяпти.
Мамлакатнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, шунингдек, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши (кейинги ўринларда Маслаҳат кенгаши деб юритилади) иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
2. Қуйидагилар Маслаҳат кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
давлатнинг ва фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни янада жадал ва ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи замонавий, демократик ҳамда очиқ-ошкора майдон сифатида уларнинг юқори даражадаги тизимли ва самарали мулоқотини йўлга қўйиш;
ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини аниқлаш ва миллий моделини шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
фуқаролик жамиятини ва кенг жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек, мазкур секторнинг ҳолати ва ривожланиш тенденцияси ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентини мунтазам равишда хабардор қилиш;
давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлигининг замонавий механизмларини, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чораларини жорий қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
илмий ва экспертлар гуруҳлари иштирокида фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни ташкил этиш юзасидан ташаббус кўрсатиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги давлат сиёсати ва унинг амалий натижалари ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли равишда ўрганиш, умумлаштириш ва таҳлил қилишни ташкил этиш;
фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, мазкур институтларнинг жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритиш;
фуқаролик жамиятининг ривожланишини, фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлиги даражасини, шунингдек, уларнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини баҳоловчи кўрсаткичларни ишлаб чиқиш, бу кўрсаткичлар асосида даврий ва махсус, шу жумладан муқобил маърузалар тайёрланишини ташкил этиш;
фуқаролик жамияти институтларига уларнинг халқаро ҳамкорлигини ривожлантиришда, илғор халқаро тажрибани ўрганишда ва ушбу тажрибани Ўзбекистон шароитида жорий этишда кўмаклашиш.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Маслаҳат кенгаши фаолияти бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мувофиқлаштирилади;
Маслаҳат кенгаши фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан амалга оширилади.
4. Белгилансинки, 2018 йил 1 июндан бошлаб:
рўйхатдан ўтказувчи орган билан нодавлат нотижорат ташкилотларининг тадбирларини келишиш тартиби режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида хабардор қилиш тартиби билан алмаштирилади;
нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳисобварақларига чет давлатлардан, халқаро ва хорижий ташкилотлардан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан уларнинг уставларида (низомларида) назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш учун келиб тушган пул маблағларидан ва мол-мулкдан, уларни олиш рўйхатдан ўтказувчи орган билан белгиланган тартибда келишилгандан сўнг, бирон-бир тўсиқларсиз фойдаланилади;
Ўзбекистон Республикасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ажратилган грант маблағлари мазкур ташкилотларнинг мамлакатдаги исталган банк муассасаларида очилган махсус ҳисобварақларига келиб тушади;
меҳнатга ҳақ тўлаш фондини тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган келиб тушган маблағлар ҳисобидан шакллантирувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади;
жамоат фонди маъмурий харажатларининг, шунингдек, васийлик кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзоларига бериладиган мукофот пули тўловларининг ва улар ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ харажатлар компенсациясининг йиллик умумий суммаси фонднинг барча харажатлари суммасининг 30 фоизидан ошмаслиги керак;
нодавлат нотижорат ташкилотларининг пенсионер ходимларига пенсия уларнинг мазкур ташкилотлардаги фаолияти ягона иш жойи бўлган тақдирда, тўлиқ тўланади.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
а) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда қуйидагиларга доир ҳужжатларни электрон тарзда тақдим этиш имкониятини таъминловчи электрон тизимни ишлаб чиқсин ва жорий этсин:
нодавлат нотижорат ташкилотларини ва уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказишга, қайта рўйхатдан ўтказишга;
нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилишга;
нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўз фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботларига;
нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан чет давлатлардан, халқаро ва хорижий ташкилотлардан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни келишишга;
б) икки ой муддатда:
нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мониторинг қилиш ва ўрганиш турлари, муддатлари, даврийлиги ва бошқа тартиб-таомилларини назарда тутувчи тартибни ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига тақдим этиладиган ҳисобот шаклларини ҳамда уни тақдим этиш тартибини соддалаштириш бўйича чоралар кўрсин.
6. Белгилаб қўйилсинки, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан келишилади.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари икки ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларини ташкил қилсин ҳамда улар ўз фаолиятини амалга оширишни давом эттириши учун 2019 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси бюджетидан, маҳаллий бюджетлардан зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
8. Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида ташкил этиладиган нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларининг муассисларидир.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳудудий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, бўшаб ётган ва самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари негизида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”ни ташкил этсин;
мазкур биноларга янги ташкил этилган, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга ошираётган нодавлат нотижорат ташкилотларини ижара тўловининг “ноль” ставкасини қўллаган ҳолда жойлаштириш чораларини кўрсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Олий суд, Бош прокуратура билан биргаликда бир ой муддатда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий ундирувларни қайта кўриб чиқиш ва сезиларли даражада қисқартириш бўйича таклифлар киритсин.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) Кенгашларига:
нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари масалалари бўйича доимий фаолият юритувчи комиссияларни ташкил этиш;
нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантиришга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга доир масалалар юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг эшитувларини ташкил этишни амалиётга киритиш тавсия этилсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда:
қонун ҳужжатларини бузаётган ва тақиқланган фаолият билан шуғулланаётган нодавлат нотижорат ташкилотларини аниқлаш бўйича адлия органларининг бошқа давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлиги тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилсин;
гуманитар ёрдам олиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш тартиб-таомилини соддалаштириш ва муддатларини қисқартириш чораларини кўрган ҳолда, шунингдек, ушбу соҳада ягона ваколатли органни белгилаган ҳолда, Гуманитар ёрдам юкларини қабул қилиш, ҳисобга олиш, аниқ йўналтирилган тарзда тақсимлаш ва улардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш ҳамда гуманитар лойиҳалар устидан мониторинг ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни қайта қўриб чиқсин ва унинг янги таҳририни тасдиқласин;
Ўзбекистон Республикасида волонтерлар (кўнгиллилар) ҳаракатини ривожлантириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин ва киритсин.
13. Манфаатдор вазирлик ва идоралар амалдаги штатлар сони доирасида раҳбар ўринбосарларидан бирини нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича масъул этиб белгиласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг мамлакатда нодавлат нотижорат секторини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган жамоат тузилмалари вакилларига ҳамда ташаббускор фуқароларга фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришга катта таъсир кўрсатган ишлари ва ютуқлари учун топшириладиган “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида ҳуқумат қарорини қабул қилсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига Танлов ўтказиш ва муваффақиятли ижтимоий аҳамиятга молик фаолиятни амалга оширганлик учун нодавлат нотижорат ташкилотларига ҳар йили мукофот бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тавсия этилсин.
17. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси нодавлат нотижорат ташкилотларининг амалий фаолияти аҳоли орасида мунтазам равишда ва кенг ёритилишини таъминласин.
18. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
Вазирлик ва идоралар бир ой муддатда ўзи қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур Фармонга мувофиқлаштирсин.
19. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари Р.Р.Иноятов ва Р.Т.Камилов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2018 йил 4 май