...
МЕНЮ
ONLINE TV

Қарор: хорижлик ўқитувчилардан Ўзбекистонга кириш визаси учун тўлов ундирилмайди


19:41, 15.09.2017 Жамият
 2 028

Президент Нодавлат таълим муассасалари фаолиятини ривожлантириш бўйича қарорни қабул қилди.

Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори
 
Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш, таълимнинг юқори сифатини таъминлашда давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, шунингдек, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги юридик шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
 
1. Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларининг 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб юридик шахслар томонидан мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар, нодавлат таълим хизматлари кўрсатишни лицензия асосида амалга ошириш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
 
2. Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантиришнинг асосий йўналиш ва вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
 
иқтидорли болалар ва истеъдодли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш орқали таълим-тарбиянинг юқори сифатини таъминлайдиган қулай шарт-шароитлар яратиш;
 
соғлом рақобат муҳитини шакллантириш учун анъанавий таълим хизматлари билан бир қаторда сифатли ва оммабоп таълим олишнинг муқобил имкониятларини яратадиган пуллик таълим хизматлари кўрсатиш бозорини жадал ривожлантириш;
 
илғор халқаро тажрибаларни инобатга олиб, ўқитишнинг инновацион педагогик шакллари, услублари ҳамда замонавий технологияларидан фойдаланиш асосида таълим соҳасидаги самарадорлик ва натижавийликни ошириш.
 
3. Белгилансинки, нодавлат таълим хизматлари фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар:
 
ўз фаолиятини давлат таълим стандартлари ва талаблар асосида амалга оширади;
 
амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга қатъий риоя қилган ҳолда юқори малакали педагог ва бошқа кадрлар билан таъминлаш, таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш чораларини кўради;


 
ўқиш муддати ва шартлари, тўлов миқдори, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда бошқа шартлар белгиланган шартномага мувофиқ таълим олувчиларнинг ота-оналари ёки бошқа қонуний вакиллари билан ўзаро муносабат ўрнатади;
 
ўз фаолиятини аҳолига пуллик таълим хизматларини кўрсатиш, хайрия фондлари ва грантлардан келиб тушган маблағлар, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштиради;
 
битирувчиларга давлат намунасидаги таълим тўғрисидаги ҳужжат беради.
 
4. Мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатадиган юридик шахслар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли ва иқтидорли фарзандларини танлов асосида муассасадаги жами ўқувчилар умумий сонининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда таълим хизматларини кўрсатиш эвазига келиб тушган даромадлар ҳисобидан бепул (грант асосида) ўқишга қабул қилиши белгилаб қўйилсин. Кейинги йилларда ўқувчиларни бепул (грант асосида) ўқитишни давом эттириш бўйича қарор нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахс томонидан таълим олувчининг оилавий шароити ва унинг академик натижаларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади.
 
5. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда аҳолига нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларга давлат мулки бўлган фойдаланилмаётган бино, объектлар ва иншоотларни давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида ўрнатилган тартибда сотишни ташкил этсин.
 
6. Нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларга илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда қуйидагилар тавсия қилинсин:
 
таълим жараёнини ўқитишнинг энг замонавий технологияларидан фойдаланган ҳолда фанларни чуқурлаштириб ўргатиш йўналишида ташкил этиш;
 
ўзларига ном танлашда ватанимизнинг машҳур ва буюк олимлари, жамият арбоблари исмларидан ўрнатилган тартибда фойдаланиш;
 
илғор илмий-амалий тажрибани жорий этиш ҳамда чуқурлаштириб ўрганиладиган фанларни чет тилида ўқитиш учун таълим жараёнига хорижий педагог ва мутахассисларни жалб қилиш.
 
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда 2018/2019 ўқув йили бошлангунга қадар ҳар бир туман (шаҳар)да давлат рўйхатидан ўтказиш тартибига риоя қилган ҳолда мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган камида биттадан юридик шахсни ташкил этиш чораларини кўрсин.
 
8. Мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар 2021 йил 1 январгача бўлган муддатда қуйидаги тўловлардан озод қилинсин:
 
барча турдаги солиқ ва давлат мақсадли жамғармасига мажбурий тўловлардан (ягона ижтимоий тўловдан ташқари), бунда озод қилинаётган маблағлар уларни замонавий ўқув воситалари билан жиҳозлаш, зарур маҳсулотлар ва жиҳозлар сотиб олиш, бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул таълим хизматларини кўрсатишга мақсадли йўналтирилади;
 
меҳнат шартномаси асосида таълим-тарбия жараёнига жалб қилинган хорижий ўқитувчи ва мутахассисларнинг ойлик иш ҳақидан ягона ижтимоий тўлов.
 
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси заруратдан келиб чиқиб, мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган янги ўқув асбоб-ускуналари ва ўқув материалларини республикага олиб киришда (божхона ҳужжатларини расмийлаштириш учун тўловлар бундан мустасно) божхона тўловларидан озод этиш ва уларнинг рўйхатини тасдиқлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ўрнатилган тартибда киритсин.
 
10. Белгилаб қўйилсинки, юридик шахслар томонидан нодавлат таълим хизматларини кўрсатишда:
 
Чет эллик ўқитувчи ва мутахассислар жисмоний шахсларга солинадиган даромад солиғи ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ажратиладиган тўловлардан тузилган меҳнат шартномаси доирасида озод қилинади;
 
чет эллик ўқитувчи ва мутахассисларга икки томонлама авиачипталарни харид қилиш билан боғлиқ харажатлар (узоқ муддатли меҳнат шартнома асосида — бир йилда икки мартадан ошмаган ҳолда) иш берувчи томонидан қопланиши мумкин;
 
чет эллик ўқитувчи ва мутахассисларнинг яшаш жойи учун тўловлар қисқа муддатли меҳнат шартномаларига асосан (бир ойдан кўп бўлмаган муддатга) иш берувчилар томонидан амалга оширилади, узоқ муддатли меҳнат шартномалари доирасида уларнинг яшаш жойи учун тўловлар шартнома шартларига мувофиқ иш ҳақи билан биргаликда тўлаб берилади.
 
11. Тижорат банкларига мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахсларга бошланғич маблағни шакллантириш, бино ва иншоотларни сотиб олиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, замонавий ўқув жиҳозлари ва ўқитиш воситаларини сотиб олиш учун 5 йилдан кам бўлмаган муддатга, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган ставкада имтиёзли кредитлар ажратиш тавсия этилсин.
 
12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тегишли вазирлик ва идоралар буюртмаларига асосан нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар томонидан ишга таклиф қилинаётган хорижий ўқитувчи ва мутахассисларнинг кириш визаларини ўрнатилган тартибда консуллик ва бошқа тўловларни ундирмаган ҳолда расмийлаштириш вазифаси юклатилсин.
 
13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда қуйидагиларни белгилайдиган ҳукумат қарорини қабул қилсин:
 
нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасида давлат-хусусий шерикчилик самарали механизмларини жорий этиш;
 
илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларини такомиллаштириш;
 
нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш билан шуғулланадиган юридик шахслар фаолиятини назорат қилиш механизмлари;
 
нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятига лицензия бериш тартиби ҳақидаги низомни тасдиқлаш.
 
14. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
 
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсинлар;
 
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
 
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклатилсин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти
 Шавкат Мирзиёев
 
Тошкент, 15 сентябрь
Зоҳиршоҳ Жўраев

Теглар:Шавкат Мирзиёев Президент қарори Нодавлат таълим хизматлари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар