...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент фармони ижроси нима бўлди? "Оталар сўзи..." тикланадими?


11:08, 14.04.2017 Жамият
 5 006

Орадан 3 ойдан ортиқ вақт ўтиб, ниҳоят “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатуви яна экран юзини кўрадиган бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил 29 декабрь куни “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди.
 
Мазкур фармонда бир неча йиллар аввал эфирдан олиб ташланган, бироқ ёшу қарига бирдек ёқадиган “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатуви тикланиши ҳақида қайд этилган эди. Унга кўра, бу дастур 1 ой муддат ичида “Маҳалла” телеканали орқали эфирга узатилиши лозим эди. Куни кеча “Маҳалла” телеканали орқали мазкур дастурнинг эфирга узатилиши борасидаги афишага кўзим тушди. Орадан 3 ойдан ортиқ вақт ўтиб, ниҳоят “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатуви яна экран юзини кўрадиган бўлди.
 
Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов кўрсатувнинг қайта ташкил этилиши борасида ўз фикрларини билдириб ўтди:
 
“Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувини йўқ қилиб бўлмайди. Кўрсатув қайта тиклангани биз учун ҳам қувончли хабар. “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” тўйлардаги ортиқча чиқимларни камайтириш, қайнона-келин муносабатлари, каттага ҳурмат, кичикка иззат каби оилавий муаммоларни ёритиб берган. Ҳаётдан олинган бундай воқеалар халқимизга манзур бўлган”.
 
Ҳақиқатан ҳам, ота-оналаримиз, биз каби Мустақиллик тенгдошлари ҳам айнан шу кўрсатувни томоша қилиб улғайганмиз, “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” бошланиш вақтини интиқлик билан кутар эдик. Ҳатто бу кўрсатув парчаланиш арафасида турган оилаларга ҳам ёрдам кўрсатгани ҳақида эшитганмиз.
 
Муҳаррир Элбек Мусаев ҳамда режиссёр Мираббос Мирзааҳмедов бошчилигидаги кўрсатув ярим асрдан ортиқ вақт мобайнида халқимизга тақдим этиб келинган. Ўтган асрдаги кўрсатувларда иштирок этган актёр ва актрисалар тезда танилишган, халқ назарига тушишган.
 
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова айни вақтда “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувининг суратга олиш ишларида қатнашмоқда:
 
“Ҳозир “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувининг тасвирга ишлари бошланди. Устозлар билан бирга яна суратга олиш ишларида иштирок этаётганимдан хурсандман. Ўша вақтда мен ёмон келин ролини ижро этганман. Ҳалигача кўпчилик шу қаҳрамонимни эслашади. Бу кўрсатувни, албатта, давом эттириш керак. Биз халқимизга одоб-аҳлоқ тўғрисида ибрат бўладиган кичик фильм тарзида кўрсатиб берамиз. Демакки, бу кўрсатув ўзимизни ҳам тарбиялайди”.
 
Айни вақтда “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувини суратга олиш ишлари бошланган. Эндиликда бу дастурни “Маҳалла” телеканали орқали ҳар ойда бир марта томоша қилишингиз мумкин. 
Дурдона Расулова 

Теглар:Оталар сўзи – ақлнинг кўзи Маҳалла телеканали 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар