Президент фармонида “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувини “Маҳалла” телеканалида тиклаш айтилган эди. Мираббос Мирзааҳмедов иштирокидаги “Оталар сўзи”ни эса “Milliy TV” намойиш этиш арафасида турибди.
Унда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси бир ой муддатда “Маҳалла” телеканалида ёши катталарга бағишланган ва ҳар куни намойиш қилинадиган “Кексалар даврасида” доимий рубрикасини ташкил этиши, шунингдек “Маҳалла” телеканалида ҳар ойда “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” телекўрсатувининг биттадан янги серияси тайёрланиб, намойиш этилиши айтилган эди.
Узоқ йиллар “Ўзбекистон” телеканалида намойиш этилган
“Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатуви сўнгги вақтларда телеканал эфирларида кўринмай қолган эди. Унинг ўрнини “Денгиздан томчи” видеофильмлари эгаллади. Мираббос Мирзааҳмедов эса бу дастурда бошловчилик қилмади.
Кейинчалик, дастурнинг янги кўриниши “Даракчи” газетасига кўчди. Газетада Мираббос Мирзааҳмедов ҳаётда турли қийинчиликларга дуч келган, қариндош-уруғ, маҳалла-кўйдаги қўйди-чиқдилар юзасидан мурожаат қилган кишиларга маслаҳат берар, бу эса мақола кўринишида газета саҳифаларида чоп этилар эди.
Ташкил этилганига ҳали кўп бўлмаган “Milliy TV” телеканали эса “Оталар сўзи” лойиҳасини йўлга қўйди. Унда бошловчилик вазифаси эса Мираббос Мирзааҳмедовга топширилди. Маълумотларга қараганда, дастур ҳали эфир юзини кўрмаган бўлсада, унинг 5-6 сони тайёрланган. Мираббос Мирзааҳмедовнинг эса бошқа телеканаллар билан ҳамкорлик қилиш нияти йўқ.
Президент фармонида “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувини “Маҳалла” телеканалида тиклаш айтилган эди. Мираббос Мирзааҳмедов иштирокидаги “Оталар сўзи”ни эса “Milliy TV” намойиш этиш арафасида турибди. Қизиқ, “Маҳалла” телеканали “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи”ни қайси ҳолатда тикларкин? Унда бошловчиликни ким уддалайди, муаллифликничи? Боиси бу дастурни Ўзбекистон халқ артисти Ориф Алимаҳсумов олиб борган даврларда ҳам кўрсатувдаги видеофильмлар Мираббос Мирзааҳмедов муаллифилиги асосида яратилган.