Ишга жойлаштириш жараёнига илғор ахборот технологиялари фаол жорий этилиб, жумладан, Миллий вакансиялар базаси яратилади ва доимий ривожлантириб борилади.
Таъкидлаш жоизки, иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва диверсификациялаш, фаол инвестиция сиёсати юритиш ҳисобига етакчи тармоқларни модернизациялаш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш асосида ҳар йили минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда, бу ўз навбатида ўта долзарб муаммо ҳисобланган аҳоли, авваламбор ёшлар бандлигини таъминлаш имконини бермоқда.
Шу билан бирга, бандлик соҳасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда ҳалигача эскирган иш шакллари ва услубларидан фойдаланилмоқда, меҳнат бозоридаги ҳақиқий вазиятни бузиб кўрсатиш ҳоллари сақланиб қолмоқда, муҳим ижтимоий масала ҳисобланган олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришга юзаки ёндашув ҳолатлари учрамоқда. Аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларида жойларда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, таълим муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кенг жамоатчилик ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва жавобгарлик механизмларидан яхши фойдаланилмаяпти.
Янги ташкил этилган барқарор иш ўринлари сонининг меҳнат бозори талабларига мос келмаслиги меҳнат бозорида мувозанатлиликнинг бузилишига, республикамизнинг айрим минтақаларида ишсизлик даражасининг ошиб кетишига, ноқонуний меҳнат миграцияси ва норасмий бандликнинг ўсишига олиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 майдаги ПҚ-2690-сонли қарорига мувофиқ жойларда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва иқтисодий комплексга кирувчи ҳудудий органлар раҳбарларининг, уларни моддий рағбатлантириш ёки уларга нисбатан интизомий чора қўллаш бўйича тегишли тизимни жорий этган ҳолда, аҳоли бандлигининг ўсиши ва уни иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги ва самарадорлиги учун маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулияти оширилди.
Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазасини кучайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича мувофиқлаштирилган самарали ишларни амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини тубдан кучайтириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги этиб қайта ташкил этилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва тузилмаларининг устувор вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
меҳнат бозоридаги ҳақиқий ҳолатни республикамиз минтақалари кесимида чуқур таҳлил қилиш асосида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ҳудудий ва тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш ва уларнинг бажарилишини мувофиқлаштириш, янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича давлат буюртмаларини ишлаб чиқиш ва аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари учун иш жойлари квотасини белгилаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
меҳнат органларига мурожаат қилган ишсизларни ишга жойлаштиришни таъминлаш, аҳолини жамоат ишларига, биринчи навбатда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга, йўл ва уй-жой коммунал инфратузилмасини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилишга, шаҳарлар ва туманларни ободонлаштиришга, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида иштирок этишга жалб этиш;
ишга жойлашишга муҳтож шахсларни, айниқса, банд бўлмаган ёшларни, имконияти чекланган шахсларни ва ишсизларни иқтисодиётнинг ҳамда меҳнат бозорининг реал талабларидан келиб чиққан ҳолда, касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш;
вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини улар эгаллаган мутахассисликларга мувофиқ ишга жойлаштиришни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
меҳнат бозорини тартибга солиш, бандлик, меҳнатга доир муносабатлар, меҳнат муҳофазаси, касбий ва меҳнат стандартлари, гендер тенгликка риоя этилиши, банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ишсизларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида бозор муносабатлари шароитларига мос келадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш;
ишга жойлаштириш жараёнига илғор ахборот технологияларини фаол жорий этиш, жумладан, Миллий вакансиялар базасини яратиш ва доимий ривожлантириб бориш;
ишга жойлашишга кўмаклашиш бўйича хизматлар кўрсатиш бозорида замонавий инфратузилма ва рақобат муҳитини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги маҳаллий ҳокимият органлари, таълим муассасалари, нодавлат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлашнинг самарали механизмларини шакллантириш;
бандлик ва меҳнат муҳофазаси соҳасида қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни таъминлаш, меҳнат шароитлари экспертизасини амалга ошириш, меҳнат муносабатларини, меҳнатни моддий рағбатлантириш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;
аҳоли ва иш берувчилар ўртасида меҳнат ҳуқуқлари ва муҳофазаси масалалари бўйича кенг ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш;
кам таъминланган оилаларга нафақалар ва моддий ёрдам тўланиши бўйича мониторингни амалга ошириш, меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаоллигини ошириш орқали оилани кам таъминланганликдан чиқариш юзасидан индивидуал дастурларни ишлаб чиқиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ва унинг ўринбосарларига қуйидаги вазифа ва устуворликлар амалга оширилиши учун шахсий жавобгарлик юклансин:
ҳудудий ва тармоқ аҳоли бандлиги дастурлари тизимли ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишининг мувофиқлаштирилишини таъминлаш, самарали бандлик шаклларини ривожлантириш, меҳнат бозори ва аҳолининг айрим ижтимоий-демографик гуруҳлари талабларини ҳисобга олган ҳолда, иш ўринлари яратиш бўйича давлат буюртмаларини шакллантириш;
ишсиз аҳолини, ёшларни, авваламбор касб-ҳунар коллежи битирувчиларини, шунингдек, аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини ихтисослаштирилган иш ўрни ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш, аҳоли ва иш берувчилар учун меҳнат органлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ва ҳаммабоплигини ошириш йўли билан ишга жойлаштиришга кўмаклашиш;
шахсий бизнесини ташкил этишни хоҳловчилар, илк бор меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларнинг тадбиркорлик ташаббуслари амалга оширилишини рағбатлантириш ва кўмаклашиш, банд бўлмаган ишга жойлаштиришга муҳтож аҳоли учун касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг самарали тизимини Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ажратилаётган маблағларни ушбу мақсадлар учун мос равишда оширган ҳолда ташкил этиш;
кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий муҳофазаси манзиллилигини кучайтириш, нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлашда ўрнатилган тартибга амал қилинишини назорат қилиш, уларни фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда оилавий тадбиркорликка ва ҳунармандчиликка жалб этиш чораларини кўриш, шунингдек, аҳолини ўзини ўзи банд қилишнинг турли шаклларини ривожлантиришни рағбатлантириш.
4. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тавсияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва ундан озод этиладиган вазир раҳбарлик қилади;
Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва ундан озод этилади;
Қорақалпоғистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирини лавозимга тайинлаш Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири билан келишган ҳолда амалга оширилади;
вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармаларининг бошлиқларини лавозимга тайинлаш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари билан келишган ҳолда амалга оширилади;
туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказлари раҳбарларини лавозимга тайинлаш Қорақалпоғистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари бошлиқлари томонидан туман ва шаҳарлар ҳокимлари ва Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири билан келишган ҳолда амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига аҳолининг ташқи меҳнат миграциясини ташкил этиш тизимини ҳамда Аҳоли ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг:
2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг биринчи марта ишга жойлашган битирувчилари иш ҳақидан олинган даромадларидан ягона ижтимоий тўловнинг ўрнатилган ставкасини, таълим муассасасини тамомлаган кундан бошлаб уч йилдан ортиқ вақт ўтмаганлик шарти билан, уларни ишга жойлашганликларидан кейинги бир йил ичида 50 фоизга, иккинчи ва учинчи йил давомида 25 фоизга, бюджет ташкилотлари, монополист ташкилотлар, устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган ташкилотларга ишга жойлашганлар бундан мустасно бўлган ҳолда, камайтириш;
ходимларнинг иш жойи ва давлат ижтимоий суғуртасига тўлов қилган даври бўйича рўйхатга олишнинг “электрон меҳнат дафтари” тизимини жорий этиш, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб биринчи марта ишга жойлаштирилган ходимларга қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари берилишини тўхтатиш ва меҳнат дафтарчаларидаги ёзувларни солиқ тўловчининг индивидуал рақами (СТИР) ва фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тўлови бўйича индивидуал рақами (ПТИР) асосида, ходимнинг иш жойи ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига тўловлар амалга оширилган даври бўйича ҳисобга олиш билан босқичма-босқич алмаштириб бориш;
2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларнинг барча ўқувчиларини, уларнинг ҳар бирига солиқ тўловчининг индивидуал рақами берилган ва электрон рақамли имзо (ЭРИ)ни тегишли тўловни ундирмасдан берган ҳолда, солиқ тўловчи сифатида давлат солиқ органларида рўйхатга қўйиш;
2018 йилнинг 1 январидан бошлаб нодавлат ташкилотларга фуқароларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишга жойлаштириш соҳасида пуллик, улар томонидан фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш фаолияти амалга ошириладиган ҳолларда эса Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини бериш;
микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларига, тегишли таълим муассасасини тамомлаган даврдан бошлаб уч йил ичида биринчи марта ишга кираётган олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчилари билан тузиладиган меҳнат шартномаларидан ташқари, ходимларнинг розилигини олган ҳолда, муайян муддатли меҳнат шартномалари, жумладан, вақтинчалик бир марталик ишларни бажаришга (муддатли меҳнат шартномалари) тузишга рухсат бериш;
туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказларини сақлаб туриш харажатларини, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш, натижада Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг бўшайдиган маблағларини ишсизларни касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этишга, ишсиз фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва меҳнат органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича чораларни амалга оширишга йўналтириш;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида иш ташкил этишнинг барча давлат хизматларини тўлиқ ҳажмда қайта кўриб чиқиш (реинжиниринг), ишга танлов асосида қабул қилиш, “ягона дарча” тамойилида давлат хизматлари кўрсатиш, меҳнат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг замонавий рағбатлантирувчи услубларини қўллаган ҳолда, самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари (KPI) асосида ходимлар меҳнатининг сифати ва самарадорлигини баҳолашнинг илғор шаклларини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилсин, унинг асосий вазифаси вақтинчалик банд бўлмаган аҳолининг йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда, йўл ва уй-жой коммунал инфратузилмаси объектларини қуришда, таъмирлаш ва реконструкция қилишда, шаҳар ва туманларни ободонлаштиришда, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида иштирок этишини молиялаштириш ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2017 йилнинг 1 сентябригача Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини, жамғарма тузилмасини тасдиқлаш, жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари, шунингдек, маблағлардан фойдаланиш тартибини белгилаган ҳолда, ташкил этиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Иқтодиёт вазирлиги билан биргаликда, икки ой муддатда кичик бизнес, касаначилик, якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорликни, шахсий томорқа хўжалигини ривожлантириш асосида бандликни таъминлаш учун молия ресурсларини тақдим этиш, аҳолининг кенг қатламларига, биринчи навбатда қишлоқ жойларда микромолиялаштириш хизматларидан фойдаланишнинг қулай имкониятларини яратиш борасида “Микрокредитбанк” АТБ фаолиятининг ва барча банк тизимининг самарадорлигини танқидий таҳлил қилиш асосида ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин, унда қуйидагилар назарда тутилсин:
2017-2020 йилларда фаолиятини энди бошлаётган тадбиркорлар учун микромолиялаш хизматларидан фойдаланиш қулайликларини, йўналиш ва ҳажмларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш, унда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида янги иш ўринлари ташкил этишга тижорат банклари томонидан ажратилаётган микрокредитларнинг манзиллилигини таъминлашни кучайтириш, биринчи навбатда кам таъминланган оила аъзоларини, айниқса шаҳарларда, энг аввало якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорлик соҳасига, касаначиликка, қишлоқ жойларда эса шахсий томорқа хўжаликлари асосида иқтисодий фаолликка жалб этишга қаратилган тадбирлар ва механизмлар ишлаб чиқиш;
“Микрокредитбанк” АТБнинг аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларидаги ролини тубдан оширишни таъминлайдиган банк фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг мезон ва кўрсаткичларини ишлаб чиққан ҳолда, унинг қўшимча капиталлашувини ошириш, тузилмасини, бошқарув тизимини такомиллаштириш ва филиаллари жойлашувини оптималлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда белгиланган тартибда мазкур фармонни амалга ошириш ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини, унинг янги тузилмасини тасдиқлаган ҳолда, ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 февралдаги “Аҳолининг ҳожатманд қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4782-сонли фармонининг 3- ва 4-бандлари ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин.
12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2017 йил 24 май