...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент энергетика соҳасини ривожлантиришга доир муҳим қарорни имзолади


09:27, 24.10.2018 Жамият
 2 180

Қарорнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.

Президентнинг “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Қарор матни ЎзАда эълон қилинди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Сўнгги йилларда мамлакатимизда, энг аввало, иқтисодиётнинг барча тармоқларини жадал ривожлантириш, инвестициявий жозибадорлик ва ишбилармонлик фаоллигини ошириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 

Шу билан бирга, электр энергетикаси тармоғида мавжуд имконият ва салоҳиятдан етарлича фойдаланилмаётганлиги кўзланган ислоҳотларни самарали амалга ошириш ва мамлакатни жадал ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда. 

Соғлом рақобат муҳитининг йўқлиги, сезиларли даражада квазидавлат секторнинг мавжудлиги, тариф сиёсатининг бозор иқтисодиёти тамойилларига мос келмаслиги давлат томонидан ҳаддан ташқари тартибга солинишига ҳамда давлат ва тижорат манфаатларининг тўқнашувига олиб келмоқда. 

Ресурс ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш даражасининг пастлиги, тегишли инфратузилмани янгилаш суръатларининг сустлиги технологик йўқотишларнинг ошишига ва электр энергиясини етказиб беришда, айниқса, жойларда мунтазам узилишларга олиб келмоқда. 

Тармоқ корхоналарини бошқаришнинг бюрократлашган тизими ва меҳнат ресурсларидан самарасиз фойдаланиш уларнинг иш фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини пасайтирмоқда ҳамда ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган харажатларнинг ўсишига олиб келмоқда. 

Илғор хорижий тажриба, замонавий инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар асосида электр энергетикаси тармоғида давлат бошқарувининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ: 

1. 2018-2020 йилларда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, электр тармоқларини модернизация қилиш, электр энергияси ҳисоби ва истеъмолини назорат қилишни такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” қуйидагиларни назарда тутган ҳолда 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин: 

мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва янгиларини ишга тушириш бўйича лойиҳа қиймати 2,6 миллиард АҚШ доллари бўлган умумий қуввати 1 984 МВт 7 та инвестициявий лойиҳани амалга ошириш; 

жалб қилинадиган кредитлар ва “Ўзбекэнерго” АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан йилига умумий узунлиги 7,1 минг километр бўлган янги электр тармоқларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, 2 500 та трансформатор пунктини ўрнатиш ва модернизация қилиш; 

Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (кейинги ўринларда – ЭЭҲО ва НҚАТ) 7 миллион истеъмолчиларни улаш, 2021 йил якунига қадар ЭЭҲО ва НҚАТ қамровини абонентлар умумий сонининг 100 фоизигача етказиш; 



Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа халқаро молия институтлари билан келишилган, умумий қиймати 1,8 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги узоқ муддатли кредитларни ўзлаштириш. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда “Йўл харитаси”да белгиланган ҳар бир лойиҳани амалга ошириш бўйича тармоқ графикларини тасдиқласин. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Ариповга – “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини қатъий назоратга олиш; 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р.Холмуродовга – халқаро молия институтлари ва ташкилотлардан жалб қилинаётган маблағларнинг ўз вақтида ўзлаштирилишини таъминлаш, шунингдек, салоҳиятли инвесторларни излаш ва инвесторларга, шу жумладан, ишончли бошқарувга бериладиган объектларни аниқлаган ҳолда электр энергетикаси тармоғига тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш; 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоровга – электр энергетикаси тармоғида лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш механизмларининг сифатли ишлаб чиқилишини таъминлаш; 

“Ўзбекэнерго” АЖ бошқаруви раиси У.М.Мустафоевга –лойиҳа ҳужжатларини ўз вақтида ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш, мазкур қарорда белгиланган объектларни қуриш ва фойдаланишга топширишни таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юклансин. 

2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда “Обод қишлоқ” Давлат дастурини амалга ошириш учун жалб қилинган халқаро молия институтлари қарз маблағларининг 100 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган қисмини 2019-2020 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини қуриш ва модернизация қилишга йўналтирилишини таъминласин. 

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 14 февралдаги ПҚ-1705-сон ва 2012 йил 2 августдаги ПҚ-1795-сон қарорларига мувофиқ “Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш. Ўзбекистон Республикасининг Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари 0,4 кВтли истеъмолчиларининг электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш тизими” лойиҳаси (кейинги ўринларда – АСКУЭ 1-фаза) Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин. 

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва “Ўзбекэнерго” АЖнинг қуйидаги таклифларига розилик берилсин: 

а) “Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида электр энергияси истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини (АСКУЭ 4-фаза) жорий этиш” лойиҳасини амалга ошириш учун кўзда тутилган Осиё тараққиёт банкининг 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағлари ҳисобига республиканинг бошқа ҳудудларида ЭЭҲО ва НҚАТни жорий этишлойиҳасини амалга ошириш; 

б) Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобига АСКУЭ 1-фаза лойиҳасини амалга ошириш доирасида иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан ЭЭҲО ва НҚАТ маълумотларини қайта ишлаш республика ягона марказини ташкил этиш бўйича ўтказилган халқаро тендер натижаларига кўра аниқланган пудратчи – компания билан; 

Республиканинг барча ҳудудларида ЭЭҲО ва НҚАТни жорий этиш учун зарур бўлган замонавий ҳисоблаш қурилмалари ва қўшимча асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун халқаро танлов савдоларини ўтказиш юзасидан тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича «CESI S.P.A/AF Mercados Energy Markets International S.A/Sharifa.com» (Италия/Испания/Ўзбекистон) консалтинг компанияларининг консорциуми билан қўшимча битимлар тузиш. 

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (Ш.А.Вафоев) га қуйидагиларни мувофиқлаштириш учун жавобгарлик юклансин: 

харид қилиш жараёнларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг иштирок этишини, мамлакат ҳудудида ЭЭҲО ва НҚАТ ва ҳисоблаш қурилмаларига хизмат кўрсатиш сервис марказларини яратишни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг бошқа манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ЭЭҲО ва НҚАТни жорий қилиш учун замонавий ҳисоблаш қурилмалари ва қўшимча асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш; 

Осиё тараққиёт банкининг қарз маблағлари ҳисобига 2021 йил 1 декабрга қадар республиканинг барча ҳудудларида ЭЭҲО в НҚАТни жорий этишни якунлашбўйича замонавий ҳисоблаш қурилмалари ва қўшимча асбоб-ускуналарни сотиб олиш юзасидан халқаро тендер савдоларининг ўтказилишини жадаллаштириш. 
 
“Ўзбекэнерго” АЖ маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан ҳисоблаш қурилмалари ва қўшимча асбоб-ускуналарни сотиб олиш жараёнида, уларнинг техник параметрларининг халқаро тендер савдоларини ўтказиш учун тайёрланган тендер ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини таъминласин. 

4. Мажбурий ижро бюроси маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг энг яхши таклифларини танлаб олган ҳолда, электр энергиясини ҳисоблаш қурилмалари ва қўшимча асбоб-ускуналарни сотиб олишни параллел молиялаштириш мақсадида 2019-2021 йиллар давомида Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасидан ҳар йили 400 миллиард сўм миқдорида солиққа тортилмайдиган маблағларни “Ўзбекэнерго” АЖга беғараз равишда ажратилишини таъминлансин. 

5. Электр энергетикаси тармоғини ислоҳ қилиш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

6. Электр энергетикаси тармоғини ислоҳ қилиш бўйича Комиссия (кейинги ўринларда – Комиссия) 3-иловага мувофиқ таркибда тузилсин, унга Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Жаҳон банки гуруҳи билан биргаликда: 

а) ишлаб чиқариш қувватларини 2030 йилгача 20 минг мВтга етказган ҳолда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, модернизация ва диверсификация қилиш бўйича узоқ муддатли инвестициявий дастурни 2019 йил 1 майга қадар ишлаб чиқиш; 

б) 2019 йил 1 мартга қадар электр энергиясини узатишда давлатнинг тўлиқ назоратини сақлаб қолган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш ва тақсимлаш (сотиш) корхоналарига хусусий ҳамда хорижий тўғридан-тўғри инвестицияларни, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кенг жалб қилишни,шунингдек, ишлаб чиқарувчи корхоналардан тўғридан-тўғри танлов асосида электр энергиясини сотиб олишнинг улгуржи бозорини босқичма-босқич ташкил этишни назарда тутган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотишни ташкил этишнинг замонавий схемасини ишлаб чиқиш; 

в) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида идоралараро тариф комиссиясини ташкил этишни назарда тутган ҳолда, 2019 йил 1 апрелга қадар электр энергетикаси тармоғига хусусий секторни жалб қилишни рағбатлантирувчи,электр энергиясининг жорий ва капитал харажатларини қоплашга асосланган электр энергияси тарифларини ҳисоблаш методологиясини тайёрлаш ва тасдиқлаш; 

г) 2019 йилда электр энергетикаси тармоғи корхоналарида корпоратив бошқарувнинг замонавий шакллари ва усулларини, молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларини жорий этишни таъминлаш, шунингдек, тармоқ корхоналарининг корпоратив облигацияларини чиқариш ва халқаро бозорларга жойлаштириш; 

д) 2018 йил 1 декабрга қадар электр энергетикаси тармоғида давлат-хусусий шерикликнинг норматив-ҳуқуқий базаси, тартиб-таомиллари ва регламентини ишлаб чиқиш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш

е) мавжуд ресурс базаси, замонавий технологик тенденциялар ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни инобатга олган ҳолда, электр энергетикаси тармоғида салоҳиятли инвесторлар билан биргаликда давлат-хусусий шериклик асосида янги инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш вазифаси юклансин. 

7. Комиссия (А.Н.Арипов) 2018 йил 15 декабрга қадар, республиканинг ёқилғи-энергетика комплекси фаолиятини ташкил этиш ва тартибга солиш билан боғлиқ барча комплекс масалаларни юклаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳасини киритсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси “Ўзбекэнерго” АЖ ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда 2019 йилдан бошлаб: 

Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда Навоий вилоятида қуввати 100 мВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича тажриба лойиҳасини танлов асосида амалга оширишни; 

халқаро молия институтлари билан биргаликда мамлакатнинг иссиқлик электр станцияларидан бирида буғ-газ қурилмасини қуриш, шунингдек, Андижон, Наманган, Фарғона шаҳарларидаги электр энергияси тарқатиш тармоқларини модернизация қилиш тажриба лойиҳасини давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширишни; 

халқаро молия институтлари билан биргаликда “Тошкент шаҳридаги тарқатиш тармоқларини узоқ муддатли ижарага бериш” лойиҳаси техник-иқтисодий асосларининг асосий параметрларини ишлаб чиқишни бошлашни таъминлансин. 

9. Белгилансинки, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ гидроэлектрстанциялари томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергияси учун тўлов истеъмолчилар – жисмоний шахслар учун якуний тарифнинг 85 фоизи миқдорида шаклланадиган тариф бўйича амалга оширилади. 

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг: 

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг “Ўзбекэнерго” АЖ лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун ажратилган кредитларини, тегишлича якуний тўловлар муддатини узайтириш ва қайта молиялаштирувчи банкларнинг мажбуриятларини реструктуризация қилиш билан бирга 4-иловага мувофиқ 3 йилга узайтириш; 

“Чорвоқ ГЭС гидрогенераторларини уларнинг ишчи ғилдиракларини алмаштириш билан бирга модернизация қилиш” инвестициявий лойиҳасини молиялаштириш учун “Ўзбекэнерго” АЖга берилган кредитни “Ўзбекгидроэнерго” АЖга қайта расмийлаштириш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин. 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарордан келиб чиқиб, “Ўзбекэнерго” АЖ мажбуриятлари бўйича илгари берилган давлат кафолатларига ўзгартириш киритсин. 

11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖ билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасида “МЭИ” Миллий тадқиқот университети” (Россия Федерацияси) Федерал давлат бюджет олий таълим муассасаси филиалини ташкил қилиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 

12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси: 

энергетика тармоғига юқори малакали менежерларни ёллаш учун кадрларни танлаш билан профессионал асосда шуғулланадиган ташкилотларни жалб қилиш чораларини кўрсин; 

Бош прокуратура билан биргаликда бир ой муддатда муқобил электр энергияси ишлаб чиқарувчиларини ягона энергетика тизимига улаш тартибини такомилаштириш ва лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин. 

13. “Ўзбекэнерго” АЖ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда: 

2019 йил 1 апрелга қадар электр энергияси, шу жумладан, муқобил электр энергиясини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини ягона энергетика тизимига улаш регламентини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин; 

икки ой муддатда қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин. 

14. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.С.Султонов зиммасига юклансин. 


 
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
 
Тошкент шаҳри, 2018 йил 23 октябрь 

Теглар:Электр энергияси Президент қарори 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар