Шавкат Мирзиёев Бухорода амалга оширилаётган қурилиш бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Бугун, 17 февраль куни президент Бухородаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бухоро шаҳридан Когон шаҳригача бўлган йўлнинг икки четида арзон кўп қаватли уй-жойлар барпо этилмоқда.
Шавкат Мирзиёев ушбу уй-жойлар қурилиш участкасида бўлди.
Ўтган йили май ойида бошланган қурилиш ишлари 27 та пудрат ташкилотлари томонидан олиб борилмоқда.
Ушбу 39 та кўп қаватли турар жой битгач, 1024 та оила ўз уйига эга бўлади.
Шу пайтгача шаҳарда бунча кўп қаватли уй қурилмаган. Уйларни жорий йил март ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Турар жойларни тез ва сифатли қуриш, бунда замон талаблари ва аҳоли эҳтиёжларини ҳисобга олиш, барча ижтимоий-маиший шароитларни яратиш зарурлиги таъкидланди.
Шу ерда Бухоро шаҳрида амалга ошириладиган бунёдкорлик лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.
Улардан бири - Ислом Каримов кўчаси қиёфасини ўзгартириш лойиҳасидир. Унга мувофиқ, кўчанинг икки томонида замонавий бинолар, яшил ҳудудлар, дам олиш масканлари ва бошқа объектлар барпо этиш режалаштирилган.
Шунингдек, Ибн Сино, Айний, Ҳамза, Иқбол ва бошқа кўчаларда кўп қаватли уйлар, савдо марказлари, маиший хизмат объектлари барпо этилмоқда.
Президент лойиҳаларни такомиллаштириш, сифат ва муддатга амал қилиш бўйича кўрсатмалар берди.