2017 йил февраль ойидан бошлаб олий ўқув юртларининг талабалари ҳам стипендияларининг камида 50 фоизини нақд пул шаклида олишади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига келаётган мурожаатлар орқали иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни ўз вақтида тўламаслик, тўловларни пластик карточкаларга нақдсиз шаклда асоссиз равишда ўтказиш ҳолатлари кўпайгани, шунингдек, тўлов терминаллари ва банк аппаратлари тизими етарли даражада ривожланмагани аниқланди. Таъкидлаш керакки, Виртуал қабулхона ишга тушган вақтдан буён 7 мингдан ортиқ ана шу мазмундаги мурожаатлар келиб тушган.
Қарорда белгиланганидек, 2017 йил февраль ойидан бошлаб Ўзбекистонда барча турдаги пенсиялар ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда берилади. Бундан ташқари, олий ўқув юртларининг талабалари ҳам стипендияларининг камида 50 фоизини нақд пул шаклда олишади.
Қарор лойиҳасида келтирилишича, иловага мувофиқ 58 тоғли ва олис туманлардаги бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи тўлаш, ижтимоий тўловлар ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Пенсия жамғармаси ва почта хизмати ташкилотлари пенсияларнинг узлуксиз, тегишли ойнинг 27 санасидан кечиктирмай тўланишини таъминлаши лозим.