МИБ ходимларига нисбатан куч ишлатиш ва ҳақорат қилиш ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Самарқанд вилояти Булунғур тумани “Гулзор” маҳалласида истиқомат қилувчи Фаҳриддин Турсуновнинг истеъмол қилган электр энергиясидан 7 миллион сўмдан зиёд қарздорлиги аниқланиб, бюро ходимлари томонидан хонадонни тармоқдан узаётган вақтида Фаҳриддин Турсунов давлат инспекторини ҳақоратли сўзлар билан нафсониятига тегиб, турли тан жароҳатлари етказган. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканали хабар берди.
Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани “Новчандир” маҳалласида ҳам юқоридагига ўхшаш ҳолат содир бўлган. МИБ ходимлари Сойибжон Жумоновни электр энергиясидан қарзи борлигидан огоҳлантириш мақсадида хонадонига кирганда уй эгаси томонидан турли уятсиз сўзлар билан ҳақоратланган. Шунингдек, уй эгаси бюро ходимининг бош қисмига мушт туширган.
Айни вақтда юқоридаги ҳолатлар бўйича қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганлиги хабар қилинди.
Маълумот учун, хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига фаол қаршилик кўрсатганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддасига биноан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш, ушбу кодекснинг 140-моддасига кўра, ҳақорат қилганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 600 баравари миқдорида жарима кўринишидаги жавобгарлик белгиланган.