Мудҳиш жиноят содир этган шахслар уч киши бўлиб, айни вақтда улар устидан тергов иши олиб борилмоқда.
Маълум бўлишича, 3 киши уйлардан бирининг эшиги очиқ қолганлигидан фойдаланиб, ичкарига киришган. Хонадонда уй бекаси борлигини кўриб, унга дўқ-пўписа қилишган. Босқинчилар 63 ёшли аёлнинг қўл-оёқларини боғлаб, пичоқ билан қўрқитишган. Кейин эса уни, ҳатто, калтаклашгача бориб, тан жароҳати етказишган.
Уйдаги бойликларни “ўмариш”ни мақсад қилган жиноятчилар аёлнинг 500 минг сўм пулини, иккита Nokia русумли телефонини ва “Brendi” номли спиртли ичимлигини олиб, воқеа жойидан қочиб кетишган.
Юз берган ҳодисадан сўнг, аёл ички ишлар органларига мурожаат этган ва тезкор қидирув ишлари олиб борилиб, жиноятчилар аниқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар тарқатди.
Маълум бўлишича, жиноятни Паркент шаҳрида яшовчи 29-32 ёшли икки киши ва Юқори Чирчиқ туманида яшовчи 43 ёшли фуқаро содир этган. Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.