...
МЕНЮ
ONLINE TV

O‘zLiDeP Ўзбекистон Президенти сайловига номзод сифатида Шавкат Мирзиёевни кўрсатди


16:45, 16.09.2016 Жамият
 6 988

Йиғилиш аввалида мажлис иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасини ёд этиб, ҳурмат бажо келтирдилар

Бугун, 16 сентябр куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар беради партия Матбуот хизмати.  
 
Мажлисда жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида O‘zLiDeP’нинг иштироки билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Йиғилишда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган сайловда O‘zLiDeP’нинг фаол иштирок этиши алоҳида таъкидланди. Ушбу масалалар мамлакатимиз қонунчилиги, хусусан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонун нормаларига тўла риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши белгилаб олинди.
 
Мажлис иштирокчилари мазкур сайловларда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг номзоди ҳақидаги масалани ҳам атрофлича муҳокама қилдилар.
 
Хусусан, жойлардаги сайловчилар ва электорат хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб партиянинг навбатдаги VIII съездида Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини кўрсатиш якдиллик билан қўллаб-қувватланди.
 
Муҳокамалар давомида таъкидланганидек, Шавкат Мирзиёев давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларидаги кўп йиллик тажрибага, аҳоли ўртасида катта ҳурмат-эътиборга эга бўлиб, ўтган йиллар давомида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳнамолигида амалга оширилган кенг кўламли сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг ҳаётга изчил тадбиқ этилишида юксак раҳбарлик салоҳияти ва моҳир ташкилотчилик қобилиятини намоён этди.
 
Партия Шавкат Мирзиёевни мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча жабҳаларини демократлаштириш ва либераллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг давомийлигини ва жамият тараққиётининг янги босқичида янада юқори даражага кўтариш салоҳиятига эга, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, Ватан равнақи, барқарор иқтисодий ривожланиш ва халқ фаровонлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг муваффақиятини таъминлашда масъулиятни тўла зиммасига олишга қодир бўлган шахс сифатида билади.
 
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 242-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилишини инобатга олиб, мажлис қатнашчилари томонидан навбатдаги партия съездини 2016 йил 14 октябрда ўтказишга келишиб олинди.
 
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши, шунингдек, мамлакатимиз сайлов қонунчилигида белгиланган муддатларда Марказий сайлов комиссиясига партиянинг сайловлардаги иштироки билан боғлиқ ҳужжатларни ўз вақтида тақдим қилиш, жойларда ушбу муҳим тадбирга тайёргарлик борасидаги партия вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари конференцияларини ўтказиш ва бошқа зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича тегишли қарор қабул қилди.
 
Шу билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг мажлиси ўз ишини якунлади.

Теглар:O‘zLiDeP Шавкат Мирзиёев Президент сайлови 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар