"Ўзбекнаво" лицензиясидан айрилаётган, халқни оёқ учида кўрсатадиган айрим “юлдуз”ларни ҳам ўқув курсларига жалб қилса, керак бўлса, қайта тарбияласа мақсадга мувофиқ бўларди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари-“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Бош директори Фарҳод Жўраев, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти проректори Гўзал Ҳолиқулова ва бошқа институт профессор-ўқитувчилари иштирок этдилар. Ўзлаштириш бўйича энг юқори кўрсатгичларни қўлга киритган эстрада хонандаларига алоҳида совғалар топширилди, деб хабар бермоқда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси вакиллари.
Ёшлар томонидан санъаткорларга тақлид тобора кучайиб бораётган бир даврда, хонандаларнинг маънавиятини юксалтиришга эътибор қаратилгани яхши, албатта. Бироқ “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси тарбияли, одоб-ахлоқи билан бошқаларга ўрнак бўла олган санъаткорларни эмас, ҳар икки ойнинг бирида огоҳлантириш олиб, интернет тармоқларида фотосуратлари ва видеолавҳалари тарқалаётган, лицензиясидан айрилаётган, бора-бора халқни оёқ учида кўрсатаётган айрим “юлдуз”ларни ҳам ўқув курсларига жалб қилса, керак бўлса, қайта тарбияласа мақсадга мувофиқ бўларди.