Ижтимоий сўров натижаларига кўра, фуқароларнинг аксарияти (98,2 фоизи) мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни ижобий ва барқарор, деб ҳисоблайди.
Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари қамраб олинган тадқиқотда аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари, турли миллат вакиллари иштирок этган.
Ижтимоий сўров натижаларига кўра, фуқароларнинг аксарияти (98,2 фоизи) мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни ижобий ва барқарор, деб ҳисоблайди. Респондентлар фикрича, истиқлолнинг 25 йиллиги – бу тўғри ва пухта ўйланган ислоҳотлар самарасида тобора ривожланаётган Ўзбекистон солномасидаги янги даврдир, деб ёзади ЎзА.
Сўровда қатнашганларнинг 99,6 фоизи мамлакатда тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва динлараро тотувлик мустаҳкамланиб бораётгани, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори тобора ортаётгани, демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг асослари яратилгани, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари қарор топгани, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти шаклланганини истиқлол йилларида эришилган асосий муваффақиятлар сифатида қайд этган.
Сўралганларнинг асосий қисми (99,4 фоизи) Ўзбекистоннинг дунёда эгаллаган ўрнидан фахрланади. Респондентлар истиқлол йилларида давлатимиз раҳбари раҳнамолигида амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарасида Ўзбекистон юксак илмий-техник салоҳиятга эга, саноати ривожланган давлат даражасига кўтарилганини алоҳида қайд этган.
Тадқиқот натижалари ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ва иқтисодий соҳаларда амалга оширилган туб ижобий ўзгаришлар қаторида одамлар онгу тафаккурида ҳам жиддий ўзгаришлар рўй берганини кўрсатди. Аҳоли ўртасида ватанпарварлик ҳисси тобора ортмоқда.
Тадқиқот қатнашчиларининг 81,5 фоизи аҳоли фаровонлигининг ортиб боришига хизмат қилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлигидан қониқишини билдирган. Сўров иштирокчиларининг 93,1 фоизининг моддий аҳволи, яшаш ва маиший шароити яхшиланган, ижтимоий мақоми ошган, намунали таълим олган, ўз бизнесини ташкил қилган. 90 фоиздан зиёд фуқаролар мустақиллик йилларида фуқаролик ҳуқуқлари, шахсий хавфсизлигининг ҳимояланиши ва таъминланиши мустаҳкамланганини билдирган.
Сўров жараёнида фуқароларнинг 90 фоиздан ортиғи миллий иқтисодиётни модернизациялаш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар одамларга ўз имкониятларини тўла намоён этиш, турмуш даражаси ва сифатини оширишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлаган. Респондентларнинг 97,3 фоизи тадбиркорлик учун яратилган шароитларни ижобий баҳолаган.
Аҳоли (қарийб 100 фоиз) Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик даврида давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилган ташқи сиёсатни юксак баҳолайди. Жамоатчилигимиз фикрича, мазкур ташкилотнинг жорий йил 23-24 июнь кунлари пойтахтимизда ўтган юбилей саммити ШҲТ фаолиятининг самарадорлигини ошириш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича муҳим келишувларга эришилгани билан ташкилот тарихида муҳим ўрин тутади.
Сўров натижалари фуқароларимизнинг аксарияти (93,9 фоизи) оилани ижтимоий институт сифатида мустаҳкамлаш, она ва бола соғлиғини янада яхшилаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамият ва оиладаги мавқеини янада ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни таъминлашга қаратилган ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлайди.