Зиёратчиларининг биринчи гуруҳи Саудия Арабистонига жўнаб кетди
Зиёратчиларни сафарга кузатишда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда бошқа масъул вазирлик ва ташкилот вакиллари иштирок этган.
Умрачиларга қулай шароитлар яратиш мақсадида “Тошкент” халқаро аэропортида алоҳида рўйхатдан ўтиш каби қулай шароитлар яратилди. Зиёратчилар билан бирга Саудияда хизмат кўрсатиш учун ишчи гуруҳи аъзолари, шифокор ва ошпазлар ҳам жўнаб кетди.
Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида зиёратчилар Пайғамбаримиз масжидларидан атиги 150 метр узоқликдаги замонавий 4 юлдузли “Мавадда Нур” меҳмонхонасига жойлашадилар. Маккада эса 1000-1500 метр узоқликдаги “Нама мавадда” меҳмонхонасида бўладилар, дейилади хабарда.
Меҳмонхоналарда зиёратчилар учун миллий таомлардан иборат саҳарлик ва ифторликлар, иссиқ ва салқин ичимликлар ҳозирланган.
Умрачиларнинг саломатлигини доимий назорат қилиш мақсадида меҳмонхоналарда минишифохона ташкил этилган.
Макка шаҳрида Ҳарам масжидига қатнайдиган миниавтобуслар ҳаракати ҳам мунтазам йўлга қўйилган.
Бир сўз билан айтганда, зиёратчилар эсон-омон зиёратларга бориб, тўлиқ ибодат қилиб қайтишлари учун барча шароитлар муҳайё этилган.