...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонга “қора ўлим” соя ташламоқда


11:37, 21.02.2018 Жамият
 19 494

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2018 йилнинг ўтган даврида республикада табиий ўчоқларнинг фаоллашуви натижасида касаллик 16 ҳолатда қайд этилган.

Халқаро эпизоотик бюронинг расмий маълумотларига кўра, 2017 йил мобайнида дунёнинг кўпгина мамлакатларида, шунингдек, Ўзбекистон билан чегарадош ҳисобланган Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистонда оқсил, чечак, куйдирги, қутуриш, ўлат ва Қрим-Конго геморрагик иситма каби инсон ва ҳайвонлар учун ўта хавфли юқумли касалликлар қайд этилган.
 
Мутахассисларнинг фикрига кўра, эпизоотик вазият ҳамон мураккаблигича қолмоқда, дея ёзмоқда ЎзА.
 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2018 йилнинг ўтган даврида республикада табиий ўчоқларнинг фаоллашуви натижасида Ўзбекистонда Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги 16 ҳолатда қайд этилган.
 
Жумладан, Сирдарё вилоятида – 7 та, Қашқадарёда – 5 та, Жиззахда – 3 та, Қорақалпоғистонда – 1 та Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги билан боғлиқ ҳолат қайд этилган.
 
Хўш, бу касаллик ҳақида бизга нималар маълум?
 
Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги ўта хавфли юқумли касалликлар гуруҳига киради. У маҳаллий аҳоли тилида “қора ўлим” деб ҳам юритилади.
 
Касаллик одамларга асосан майда шохли ва йирик шохли қорамоллардаги каналарни териш, уларни жунини олиш ёки чўл ҳудудларида уларни боқиш жараёнида кана чақиши орқали юқади. Иксод каналарининг ҳазм йўлларида кўплаб миқдорда касаллик қўзғатувчиси бўлган вируслар бўлади ва кана одамни чаққанда қонига тушади.
 
Ушбу касаллик билан ҳайвонлар касалланмайди ва клиник белгилар намоён қилмайди. Ҳайвонлар касаллик қўзғатувчиси ва ташувчиси (каналар) учун резервуар бўлиб ҳисобланади.
 
Вирус ажратган моддалар натижасида одам қони ивиши издан чиқади. Оқибатда бурун ва бошқа табиий тешиклардан қон кетиши кузатилади. Касаллик оғир кечади ва ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаса оқибати нохуш тугаши мумкин.
 
Канани қўлда териш, ўлдириш мумкин эмас.
 
Иксод каналарини бутунлай йўқ қилишнинг иложи йўқ. Улар ниҳоятда яшовчан бўлиб молхона девори тирқишида ўн йилгача оч ухлаши исботланган.
 
Касалликка қарши курашиш учун биз нима қилишимиз лозим?
 
Қишлоқ ҳудудларидаги якка хўжаликларда чорва молларини сақлаш шароитини тўғри ташкил этиш ва каналарнинг кўпайишига йўл қўймасликларига алоҳида эътибор қаратиш зарур.
 
Каналарни йўқ қилиш учун уй ҳайвонлари териси йилнинг март ойидан сентябрь ойига қадар ҳафтада бир марта хлорли бирикмалар билан махсус ишловдан ўтказилиши лозим.
Фирдавс БЕК

Теглар:касаллик эпидемия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар