Янги самолётлар wi-fi ва ҳар бир ўриндиқда мониторлар билан жиҳозланган бўлади.
“Биз ҳар икки самолётни шу йил декабрь ойида қабул қилиб олишга умид билдирамиз. Аммо очиқча айтадиган бўлсам, Airbus’да самолётларни вақтида етказиб беришда маълум муаммолар мавжуд. Уларнинг заводи мотор ишлаб чиқаришга улгурмаяпти”, дейди компания бош директори ўринбосари Геннадий Харлап.
Унинг сўзларига кўра, бу икки самолёт wi-fi ва ҳар бир ўриндиқда монитор билан жиҳозланган бўлади.
“Самолёт ўзининг аждодидан 20 фоизга тежамкор бўлиб, бутун Европани рейслар билан қамраб олиш имконини беради. Унинг парвоз масофаси 4,5 минг километрдан 6 минг километрга етган. Airbus A320 neo 150 кишига мўлжалланган, 12 ўрин “бизнес” классда, 138 ўрин “эконом” классда”, дейди Харлап.
Маълумот учун, бугунги кунда МАК авиапаркида замонавий, қулай Boeing-757/767, Boeing-787-8 Dreamliner, А320 самолётлари, шунингдек, Boeing-767-300BCF юк ташувчи самолётлари мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси учинчи Boeing-787 Dreamliner самолётларини олиб келган эди.