...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонга саёҳат қилиш учун 8 сабаб


19:36, 22.05.2018 Бу қизиқ
 3 707

The Independent нашри журналисти Ўзбекистонга саёҳат қилиш учун эътиборни тортган 8 сабабни келтириб ўтди.

Машҳур британ газетаси The Independent Ўзбекистонга саёҳат қилиш ҳақидаги мақолани эълон қилди.
 
Мақола муаллифи саёҳатчи-журналист Клэр Вут Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган Ўзбекистон бугунги кунда дунё туризм бозорига яхши таништирилмаганини таъкидлади. Унинг фикрича, мамлакат жудаям чиройли ва кўп қиррали бўлиб, у ҳақида билмаслик қийин. Шу муносабат билан мақолада саёҳатчиларнинг Ўзбекистонга келишлари учун саккиз сабаб келтирилган.
 
Самарқанднинг қойилмақом меъморий ёдгорликлари
 
Кузатувчининг ёзишича, XV асрда барпо этилган Амир Темур мақбараси асрлар давомида бошқа давлатлар меъморларини илҳомлантирган мукаммал архитектураси билан мақтанса арзийди. Иморатнинг ички деворлари олтин ва кўк рангдаги нақшлар билан товланади.
 
Нақшли плиткалар Европанинг энг зўр иморатлари билан беллаша олади
 
Муаллиф шундай мураккаб сопол плиткалар ясай олган аждодларимизга муносиб баҳо беради. “Улар турли шаклларда бўлиши мумкин: мозаик квадрат шаклида, геометрик ёки гулли нақш кўринишида. Уларнинг ранги кобальтдан кўк ранггача алмашиб туради”, дейди ҳайрат билан журналист.
 
Ҳозирча бу ерда саёҳатчилар кўп эмас
 
“Охирги вақтларда Ўзбекистон ташқи дунё учун очилиб бормоқда, кўплаб давлат фуқаролари учун содда виза режимини жорий қиляпти ва кўпгина йирик шаҳарлар билан тўғридан-тўғри парвозлар йўлга қўйилмоқда. Шундай экан, тез орада республика дунёнинг турли чеккаларидан келган саёҳатчилар билан тўлиб кетади. Шу сабабдан унинг бор гўзаллигидан баҳраманд бўлиш учун Ўзбекистонга боришга шошилинг”, деб ёзилади мақолада.
 
Мева ва сабзавотлар таъмининг тенги йўқ
 
К.Вут ўзбек тупроқларида етиштириладиган мевалардан ҳайратга тушиб, сайёҳларга барча мевалар пишган ёз фаслида келишни тавсия қилган. Журналист ўзбек миллий ошхонаси ҳақида ҳам юқори фикр билдирган. Хусусан, ўзбек дастурхони қироли – паловни алоҳида таъкидлаган.
 
Тошкент метросининг ҳайратомуз чиройи
 
“Пойтахт ер ости гўзаллик дунёси”, британия нашри журналисти тошкент метрополитенини айнан шундай таърифлаган. Барча бекатлар катта дид билан безатилган. “Мустақиллик” бекатидаги ар-деко усулидаги олтин ранг цилиндр шаклидаги фонуслар ҳам алоҳида санъат намунасидир.
 
Тошкент архитектураси
 
Муаллиф пойтахтнинг катта қисми 1966 йил юз берган зилзила оқибатида вайрон бўлганини таъкидлаган. Кейин шаҳар қайта тикланган, бугунги кунда шаҳарда классик европа стили ва анъанавий шарқ меъморчилигининг ўзига хос уйғунлигини кўриш мумкин.
 
Тегилмаган табиат
 
“Шаҳардан чиқишда катта қум текисликлари ва тоғ манзараларини кўриш мумкин. Тоза кўллар ва соҳил, қадимий ёдгорликлар вайроналари, туяда ва катерларда саёҳат – буларнинг барчаси бир мамлакатда мавжуд”, дейди журналист.
 
Саёҳат қилиш имкониятлари
 
Мақолада Ўзбекистонга боришнинг қимматга тушмаслигига алоҳида урғу берилган. Муаллифнинг ҳисоб-китобларига кўра, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива бўйлаб саккиз кунлик саёҳат британиялик туристга 1390 фунтга тушади. Халқаро парвозлар учун чиптани ҳисобга олмаганда бу пул яшаш, овқатланиш, ички транспорт, гидлар хизмати ва барча ёдгорликларга киришга етарли бўлади.
 
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда ҳозирги кунда туризмни ривожлантириш учун қатор Президент қарорлари қабул қилинди. Хусусан зиёрат туризимини ривожлантиришга алоҳида урғу берилмоқда.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:туризм Ўзбекистон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!