“Ko‘ngil ko‘zi” лойиҳасини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевниеннг жорий йилнинг 2 февраль куни имзолаган “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилди.
Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига биноан:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ташкилий тузилмаси;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги марказий аппаратининг тузилмаси;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаларининг намунавий тузилмаси;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тўғрисидаги низом;
2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантириш дастури;
“Кўзи ожизлар босмахонаси” корхонасининг матбаа ускуналарини модернизация қилиш, бинолари ва ишлаб чиқариш хоналарини таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган “Ko‘ngil ko‘zi” лойиҳасини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Маълумот ўрнида, Алламжонов ЎзМАА директори лавозимида иш бошлагандан кейин “Ko‘ngil ko‘zi” номли лойиҳага қўл уриб, мамлакатда кўзи ожизлар учун нашр этилаётган брайл ёзувидаги китоблар сони озлиги, босмахонанинг бугунги шароити талабга жавоб бермаслиги, китоблар эҳтиёжга нисбатан жуда кам ишлаб чиқарилаётгани, бунинг учун етарли даражада шароит ва маблағ йўқлигини айтган эди.
“Республика бўйлаб, 3000 бола кўзи ожизлар учун махсус мактабларда таълим олмоқда. Бу рақамлар мен учун кўп нарсани англатади –айни вақтда 3000 бола рисоладагидек таълим ололмаяпти, бу аҳвол йилдан йилга ёмонлашяпти. Ҳозир биз фақат дарсликлар мисолида айтяпмиз, бироқ имконияти чекланган имконият чекланган болалар болаларнинг иқтидори ва малакасини ривожлантиришга кўмаклашувчи бошқа турдаги адабиётлар – бадиий адабиётлар, турли қўлланмалардан ҳам фойдаланишлари зарур. Лекин бундай китобларнинг йўқлиги, шунчаки яхши таълим олишга шароит яратиб беролмаганимиз боис, қанчадан-қанча истеъдодларни кашф қилолмаяпмиз”, деган эди Алламжонов.
Ушбу лойиҳага ўз ҳиссасини қўшиш ҳамда мавжуд муаммо ҳақида сўз очиш мақсадида QALAMPIR.UZ Ўзбекистондаги 70 минг кўзи ожизларга хизмат қилиб келаётган ягона босмахона фаолияти билан танишиб, ушбу нашриёт биноси Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тасарруфига бериб юборилиб, кўзи ожизлар кўчага ҳайдалаётгани ҳақида кўрсатув тайёрлаган эди.