Россия ва Ўзбекистон уй қурилиши соҳасида ҳамкорликни бошламоқда.
Ўзбекистон делегациясининг жорий йилнинг 20 октябридаги Россияга ташрифи давомида ёғоч уйлар ва ёғоч уй тўпламлари намойиш этилди.
Ёғоч уйлар энг арзон ва экологик тоза қурилиш технологиясидир. Уй қурилишида ишлатилган хомашё бир неча марта қайта ишлатилиши мумкин. Ёғоч уй тўпламлари вазни енгиллиги билан ажралиб туради. Бу қулайлик уларни узоқ масофаларга ташиш имкониятини беради.
Фақат бундай хомашёдан қурилган уйларда ёнғин хавфсизлиги алоҳида эътиборга олиниши мақсадга мувофиқ. Айниқса, ўзбек хонадонларидаги тандир-ўчоқ масалалари уйнинг атрофида қандай жойлаштирилиши муҳим аҳамият касб этади.
“Ўзбекистон Россиядан ёғоч қурилиш маҳсулотлари етказиб берилишидан манфаатдор. Энг аввало, мамлакатларимиз ёғоч уй қурилиш технологиялари соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишлари керак. Ўрта Осиёнинг иқлим шароитларида ёғоч қурилиш соҳасидаги замонавий ишланмалар қулай турар жой қуриш имконини беради”, дейди “Ўзагротехсаноатхолдинг” бошқарув раиси ўринбосари Саидаббос Сайдаминов.