Жаҳонда икки марта кетма-кет энг яхши футболчи — Криштиану Роналду таассуротлари билан ўртоқлашди.
Унда ўтган “мавсумнинг энг яхши эркак футболчиси” сифатида Мадриднинг “Реал” клуби ва Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду эътироф этилди.
Мазкур совринни кетма-кет иккинчи йил қўлга киритган Криштиану Роналду совринни қабул қилиб олгандан сўнг ФИФА журналистларининг саволларига жавоб берди.
– Роналду, мазкур совринни икки йил кетма-кет қўлга киритдингиз. Ўзингизни қандай ҳис этяпсиз?
– Ажойиб кун ва эсдан чиқариб бўлмас лаҳзаларга бой бўлган оқшом. Жамоадаги дўстларим, барча мени қўллаб-қувватлаган яқинларимга миннатдорчилик билдираман!
Ҳозир жуда бахтлиман, ўйлайманки фаолиятимдаги энг ёрқин кунларни бошимдан ўтказяпман. Таассуротларим кучли, ақлга сиғмас даражада хурсандман.
– Сизни бешинчи марта дунёнинг энг кучли футболчиси сифатида тан олишди...
Футболчилик фаолиятимни бошлаган вақтимда ўз олдимга катта мақсадлар ташлагандим. Ўйлайманки, мақсадларим амалга ошишда давом этмоқда.
Шахсий совринларни қўлга киритиш мени янада кучли бўлишимга ундайди ва юқори даражада футбол ўйнашимга ёрдам беради.
– ЕЧЛда яна бир марта ғолиб чиқишни истайсизми?
– Албатта, нега йўқ дейишим керак. “Реал” билан УЕФА суперкубокида “Манчестер Юнайтед”ни, Испания суперкубоки финалида “Барселона”ни мағлуб этдик. Қачонки “Реал” футболчиси экансиз, сизда барча совринларини ютиш учун катта имконият пайдо бўлади.
Фақат бу имкониятдан тўғри фойдалана олсангиз, марра сизники бўлади!
– Бундан ташқари Португалия терма жамоасида ҳам буюк ишларни амалга оширдингиз...
– Ҳа, Евро-2016 мусобақасида қозонилган ғалаба жуда муҳим эди. Ўша финалга қадар халқаро майдонларда бирор бир совринга эга чиқмаган эканман. Яратганнинг ёрдами эвазига узоқ кутилган ниятимга эришдим.
Бу йил ҳам терма жамоа билан Россия мундиали йўлланмасини нақд қилиб қўйдик. Саралаш ўйинлари кутилганидан қийин ўтди, аммо якунда барчаси яхшилик билан тугади.
Жамоанинг барча аъзолари бизнинг ЖЧга чиқишимизга қатъиян ишонишганди, бунга ўзимиз ҳам чин дилдан ишониб ҳаракат қилдик. Швейцарияга қарши ўйинда сўнггги имкониятдан фойдаланиб, вазифани бажардик.
– Португалия терма жамоаси Конфедерациялар кубокида муваффақиятсиз иштирок этди. Келаси йил эса терма жамоа билан яна Россияга борасиз. Бу ҳолат такрорланиши мумкинми?
– Россия майдонларида бир неча маротаба ўйнаганман. Москвада ЕЧЛ финалини ўтказиб, ғалаба қозонганман.
Россия мен учун кўп маротаба омад келтирган, дея оламан. Фақат бу йил Португалия термаси Конфедерациялар кубокида ўйлаган мақсадига ета олмади.
Чилига пенальтилар сериясида имкониятни бой бериб, турнир билан эрта хайрлашишга мажбур бўлдик.
Пенальтилар серияси бу лотереяга ўхшайди, бир ютасан, бир ютқазасан. Нима ҳам дердим Конфедерациялар кубоги терма жамоа учун янги марраларни очиб бериш учун кўприк вазифасини бажарди.
– Португалия терма жамоаси Евро-2016 мусобақасида ғолиб чиқди. Ҳозирда айрим футбол мутахассислари Португалия терма жамоасини ЖЧ мусобақаси фаворитлари орасига қўшишмоқда. Сиз ҳам шу фикрдамисиз?
– Тўғри, биз Европа қитъасининг амалдаги чемпионларимиз. Бу эса табиийки ўзимизга бўлган ишончни янада ортиради.
Лекин мен Европа чемпионати олдидан айтган фикримни яна қайтармоқчиман: Португалия — катта мусобақаларда ҳеч қачон фаворит ҳисобланмаган.
Мусобақада биздан кучли жамоалар бор, лекин Португалия терма жамоаси истаса агар барчани ҳайрон қолдира олади.
– Шахсий совринлар олиш борасида ҳар гал ҳар қандай рақибларни ортда қолдиргансиз. Кеча Неймар ва Месси каби кучли футболчилар билан рақобатда ютиб чиқдингиз.
– Месси билан соврин олиш борасида рақобатлашмаган бўлардим. Биз у билан бир давр одамларимиз. Месси беш марта энг зўри бўлди, менда ҳам шундай кўрсаткич.
Бизнинг Месси билан давримиз тугамади, у давр энди бошланяпти. Ўз ўрнида аста-секин улғайиб келаётган Неймарнинг фаолиятига омад тилаган бўлардим.
– Бундай совринларни яна неч марта олишни истаган бўлардингиз?
– Албатта, 7 марта (кулади). Чунки 7 рақамини яхши кўраман. Лекин эртага нима бўлади билмайман. Ҳозирча шуниси ҳам етади.
– Сизни бутун дунё танийди. Марҳамат, тилакларингиз бўлса йўллашингиз мумкин.
– Номзодимга овоз берганлар учун алоҳида миннатдорчилик билдираман. “Реал” жамоаси раҳбарларига бутун фаолиятим давомида мени қўллаб-қувватлаб келаётганлари учун ташаккурлар айтаман.
Барча мухлисларимга салом йўллайман. Мен бахтлиман, ҳаммага раҳмат!
Эслатиб ўтамиз, Криштиану Роналду жорий йилнинг 24 август куни Европанинг энг яхши футболчиси сифатида ҳам эътироф этилганди.