Instagram ижтимоий тармоғига хонандалар томонидан жойлаштирилган фотосуратлар кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлмоқда.
“ZO’R TV” номини олган мусиқий канал аудиторияси асосан ёшларга мўлжалланиши мумкин. Канал логотипининг дизайни шундай хулоса қилишимизга сабаб бўлади.
Суриштирувларимиз натижасида аниқланишича, телеканал бутун Ўзбекистон бўйлаб эфирга узатилади. Телеканал эфири юқори сифатли HD форматда бўлиши кутилмоқда. Дастурлар режиссёри эса хазиломуз қўшиқлари ва клиплари билан машҳур бўлган ҳамда ёшларнинг севимли хонандаси Жаҳонгир Позилжонов эканлиги маълум қилинди.
Айни кунларда бир неча дастурлар суратга олинмоқда. Шунингдек, мусиқий чиқишлар, кўнгилочар дастурлар суратга олиш ишлари ҳам аллақачон бошлаб юборилган. Ҳозирча канал қачон эфир юзини кўриши маълум эмас.
“ZO’R TV” каналининг Instagram’даги расмий саҳифасида илк пост икки кун аввал жойланган бўлиб, унда суратга олиш жараёни бошлангани ҳақида изоҳ қолдирилган. Фотосуратда эса халқимизнинг севимли хонандаси Севара Назархон иштирокидаги дастурни суратга олиш жараёни тасвирланган. Демак, яқин кунларда яна бир ёрқин канал экран юзини кўради.
Кўрамиз, навбатдаги канал билдирилаётган ишончни қанчалик оқларкин... Бугунги кунда Ўзбекистонда нодавлат телеканалларга яратиб берилаётган шарт-шароитдан келиб чиқадиган бўлсак, республика миқиёсида эфир юзини кўриб келаётган “MY5”, “UzReport”, “MilliyTV” телеканаллари ўз аудиториясини топишга улгурди. Булар орасида “UzReport” жиддийлиги билан ажралиб турса, “MilliyTV” тасвирнинг сифати ва янги лойиҳалари билан олдинги ўринларда бормоқда. Бизнингча, “MY5” ҳамон ўз йўлини топгани йўқ. Каналда лойиҳалар, янгиликлар кўп. Бироқ уларда томошабиннинг меъдасига тегадиганлари бисёр. Ҳар ҳолда “ZO’R TV” номига яраша иш олиб боришига умид қиламиз.
Дурдона Расулова