...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда халқ табобатига оид низом тасдиқланиши кутилмоқда


10:52, 04.12.2018 Жамият
 1 747

Халқ табобати усуллари билан даволашнинг мақсадга мувофиқлигини белгилашда халқ табобати мутахассисининг шифокор билан ўзаро хамкорлиги мажбурий шарт хисобланади

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг “Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият кўрсатиш тартиби ва ҳажмлари тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги буйруғи Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
 
Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
 
Халқ табобати – авлодлар тажрибасига таянган, халқ урф-одатларида ўз тасдиғини топган, тиббиёт ходимлари ҳамда махсус тайёрланган шахслар томонидан қўлланиладиган анъанавий ва муқобил тиббиётнинг тан олинган профилактика, диагностика ва даволаш усулларидир. Халқ табобатига оккультизм-афусунга оид ҳамда диний маросимларни ўтказиш кирмайди.
 
Анъанавий тиббиёт – маълум бир худуд ёки миллатга хос бўлган профилактика, диагностика ва даволаш усуллари (масалан, Хиндистонда йога, Хитойда игна билан даволаш, Ўрта Осиёда доривор ўсимликлар билан даволаш ва б.).
 
Муқобил тиббиёт – замонавий тиббиётга нисбатан қўшимча ёки муқобил вариант сифатида эътироф этиладиган профилактика, диагностика ва даволаш усуллари. 
 
Қўшимча тиббиёт (Комплементар тиббиёт) – халқ табобатининг соғлиқни сақлаш амалиётида замонавий тиббиёт билан биргаликда қўлланиладиган умум эътироф этилган усуллари.
 
Замонавий (расмий) тиббиёт – илмий асосланган ва клиник амалиётда ўз тасдиғини топган усул ва ёндошувлар билан касалликларни профилактика, диагностика қилиш ва даволашга қаратилган расмий илмий билимлар ва амалий фаолиятлар тизими.
 
Низомда халқ табобатининг эътироф этилган усулларига қуйидаги гуруҳлар киради: 
 
Биринчи гуруҳ – инвазив (тери бутунлигининг бузилиши билан боғлиқ)
 
усулларни қўлловчи ҳалқ табобати: акупунктура, су-джок терапия, хижома.
 
Иккинчи гуруҳ – ноинвазив усулларни қўлловчи ҳалқ табобати:
 
мануал терапия, акупрессура.
 
Учинчи гуруҳ – биологик инвазив воситаларни қўлловчи ҳалқ табобати: гомеопатия, гирудотерапия, апитерапия.
 
Тўртинчи гуруҳ – парҳез ва ўсимлик воситаларини қўлловчи ҳалқ табобати: фитотерапия, очлик билан даволаш.
 
Низомга кўра, халқ табобати усулларини қўллаш билан кўрсатиладиган тиббий хизматлар барча тиббиёт ташкилотларида, жумладан давлат ва хусусий тиббиёт ташкилотларида замонавий тиббиёт билан ўзаро комплементар хамкорликда амалга оширилиши мумкин.
 
Халқ табобати усулларини қўллаш орқали тиббий хизмат кўрсатиш фаолияти билан халқ табобати бўйича ихтисослашувдан ўтган ёки тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат берилган махсус халқ табобати усуллари бўйича курсларни тугатган шифокорлар (бундан кейин - халқ табобати шифокори) ҳамда одам анатомияси, физиологияси, фармакология, лаборатория ва инструментал диагностика, шунингдек биринчи тиббий ёрдам кўрсатишнинг амалий кўникмалари бўйича махсус ўқув курсини тугатган шахслар (бундан кейин –халқ табобати мутахассиси) шуғулланишлари мумкин.
 
Халқ табобати усулларини қўллаш орқали тиббий хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш учун шахсларнинг тиббиёт уқув муассасаларида ташкил этилган махсус ўқув курсларини ўташлари мақсадга мувофиқлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссиянинг хулосаси асосида белгиланади.
 
Халқ табобати усуллари билан даволашнинг мақсадга мувофиқлигини белгилашда халқ табобати мутахассисининг шифокор билан ўзаро хамкорлиги мажбурий шарт хисобланади. Бунда, маслаҳат, диагностика ва даволашнинг замонавий ёки халқ табобати усулларидан бирини танлаш хуқуқи беморда бўлади.
 
Тиббиёт ташкилотларида беморларни халқ табобати мутахассислари томонидан қабул қилиш шифокор кўригидан сўнг амалга оширилади. Болалар ва хомиладор аёлларга халқ табобати усулларини қўллаш орқали тиббий хизмат кўрсатиш учун педиатр ёки гинеколог шифокорининг хулосаси талаб этилади.
 
Ўтказилган кўрик ва текширувлардан сўнг шифокор беморнинг амбулатор картасига ёки касаллик тарихига, шунингдек беморнинг қўлига бериладиган тиббий консультатив картасига ташхис ва тавсиялари тўғрисидаги, шу жумладан халқ табобати усулларини қўллаш бўйича ёзувини киритади.
 
Халқ табобати усулларини қўллашга қарши кўрсатмалар мавжуд бўлган тақдирда, шифокор бемор амбулатор карта ёки касаллик тарихига ушбу усулларни қўллаш оқибатида бўлиши мумкин бўлган асоратлар хақида беморга маълумот беради, бемор эса маълумот олганлигини тиббий хужжатларга имзо қўйиш билан тасдиқлайди. Мазкур ёзув беморнинг қўлига бериладиган тиббий консультатив картасида ҳам қайд этилади.
 
Халқ табобати мутахассиси беморнинг амбулатор картаси ёки касаллик тарихига халқ табобати усуллари билан ўтказилган муолажалар тўғрисида ёзув киритади.
 
Халқ табобати усулида хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тиббий фаолиятни лицензиялаш учун белгиланган тартибда (тиббий таълим маълумоти мавжудлиги талаби бундан мустасно) амалга оширилади.
 
Халқ табобати усуллари билан тиббий хизматлар кўрсатишда тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар учун белгиланган талаб, бу уларда тиббиёт ўқув юртларида махсус курсни тугатганликларини тасдиқловчи сертификатнинг мавжудлиги хисобланади.
 
Халқ табобати усулларини қўллаш билан кўрсатиладиган тиббий хизмат бўйича белгиланган талаб ва шартларга риоя қилиниши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ўрнатилган тартиб асосида амалга оширилади.
 
Мазкур Низом талабларини бузган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар хисобланадилар.
 
Халқ табобати билан ноқонуний шуғулланиш, шунингдек халқ табобати усулларини қўллаш натижасида фуқаролар хаёти ёки соғлигига зарар етказиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Теглар:Халқ табобати Соғлиқни сақлаш вазирлиги 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар