МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов бугун Осиё велоспорт конфедерацияси президенти Осама Аҳмад Абдулла ал-Шафар билан учрашди.
Сафар давомида МОҚ раҳбари бир қатор Халқаро спорт ташкилот раҳбарлари билан кўришиб, музокаралар ўтказиши ҳам режалаштирилган эди.
Ана шундай учрашувлардан дастлабкиси бугун Осиё велоспорт конфедерацияси президенти Осама Аҳмад Абдулла ал-Шафар билан бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар Ўзбекистонда велоспортнинг ривожланиш тенденциялари, спортнинг ушбу турини янада оммалаштириш, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, мамлакат велосипед спорти федерацияси ҳамда Осиё велоспорт Конфедерацияси ўртасида стратегик алоқаларни янада кенгайтириш, ҳамкорликда амалга оширилаётган бир қатор лойиҳалар ҳусусида фикр алмашилди.
Шунингдек, Тошкент мезбонлик қиладиган 2019 йилги Осиё чемпионатининг ташкилий масалаларини муҳокама қилинди. Умид Аҳмаджонов яқин ҳамкорлик учун жаноб ал-Шафарга миннатдорчилик билдирди ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси номидан эсдалик совғаларини тақдим этди.
“Мазкур учрашув Ўзбекистонда велоспорт ривожи, унинг тараққиёти йўлида ташланган навбатдаги муҳим қадам бўлди десак адашмаган бўламиз”, дея ёзади МОҚ Матбуот хизмати ходимлари.