Қонунчиликдаги анъанага мувофиқ, хорижий мамлакатларда истиқомат қилаётган фуқаролар учун овоз бериш жараёни эртароқ ташкил этилди.
Президент сайловида қуйидаги 6 та сиёсий партия ўз номзоди билан қатнашмоқда:
- Жумҳурият халқ партияси – Муҳаррам Инже;
- Адолат ва тараққиёт партияси – Ражаб Тойиб Эрдўған;
- Халқларнинг демократик партияси – Салоҳиддин Демирташ;
- Ийи партия – Мерал Акшенер;
- Саодат партияси – Темел Карамоллаўғли;
Ватан партияси – Дўғу Перинжек.
Бугун, 17 июнь куни дунёнинг кўплаб нуқталарида, шу билан бир қаторда Ўзбекистонда ҳам Туркия Республикаси Миллат Мажлиси ва Президентлигига сайлов бўлиб ўтмоқда. Қонунчиликдаги анъанага мувофиқ, хорижий мамлакатларда истиқомат қилаётган фуқаролар учун овоз бериш жараёни эртароқ ташкил этилди.
Тошкент шаҳрида жойлашган Туркия Республикаси элчихонасида ҳам сайлов участкаси ташкил этилган бўлиб, унда овоз бериш лаёқатига эга бўлган 866 киши рўйхатга олинган. Овоз бериш жараёни эса бугун соат 9:00 да старт олди ва 21:00 қадар давом этади.
Овоз беришни Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмед Башар Шен бошлаб берди. Элчи ташриф буюрган овоз берувчиларни Рамазон ҳайити ва демократия куни - сайлов билан қутлаб, мамлакат жуда катта ўзгаришлар бўсағасида турганини, сайловчиларнинг танлови, Туркиянинг келажагини белгилашини алоҳида таъкидлади.
Сайлов қутиси фақатгина пойтахт Тошкентдаги элчихонага ўрнатилган. Овоз берганлар компьютерда рўйхатга олинади ва улар сайлов ўтгунига қадар бошқа мамлакатга кетиб, ўша ерда овоз бермоқчи бўлсалар, уларнинг овозлари қайтанадан қабул қилинмайди. Сайлов қутилари Туркия Республикасининг аэропортларида ҳам ўрнатилган.