Наркомания, сурункали алкоголизм ва токсиманиядан азоб чекаётган кишилардан трансплантация мақсадида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини олишга йўл қўйилмайди.
— Мана, халқимиз ва тиббиёт ходимлари узоқ йиллардан буён кутган янгилик, яъни аъзолар трансплантацияси каби ўта ноёб ва мураккаб жарроҳлик амалиёти Ўзбекистонда йўлга қўйилди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош трансплантологи Улуғбек Йўлдошев.
Бундай юқори технологик операциялар АҚШ, Германия, Норвегия, Швейцария ва Ҳиндистон каби тиббиёти ривожланган давлатлардагина бажарилади, халос. Бугун юртимиз тиббиёти ана шу давлатлар қаторидан жой олди. Дунёнинг саноқли давлатларидагина амалга оширилувчи бундай юқори технологик операциялар энди юртимиздаги учта йирик муассаса:
- Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий жарроҳлик маркази
- Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази
- Тошкент шаҳар нефрология шифохонасида қилина бошланади.
Қонунчилик асосида, ўзаро қариндош бўлган шахслар донор бўлиши мумкин. Аммо ушбу яқин қариндошлар ўн саккиз ёшга тўлмаган, белгиланган ҳолатда ўзини-ўзи бошқара олмайдиган деб топилган, озодликдан маҳрум қилинган, I ва II гуруҳ ногиронлари, ҳомиладор аёллар, наркомания, сурункали алкоголизм ва токсиманиядан азоб чекаётган бўлса, улардан трансплантация мақсадида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини олишга йўл қўйилмайди. Трансплантация ўтказишнинг зарурати тўғрисидаги тузилган махсус комиссия томонидан қабул қилинади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизматининг хабар қилишича, Трансплантация бажарилгандан сўнг донор ва реципиент камида уч йил давомида профилактик диспансер кўриги билан таъминланади. Бундан ташқари, амбулатория назоратида бўлган беморларни қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли дори воситалари билан таъминланади.