...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятига оид янги қонун қабул қилинди


18:09, 14.12.2016 Жамият
 6 600

Қонунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари бўйича ҳам режадан ташқари текширишнинг, шунингдек, қарши текширишнинг барча турларини бекор қилиш назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жори йилнинг 5 октябрь куни “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди.
 
Кеча, 13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисида сенаторлар Президент фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.
 
Ушбу қонун хусусий мулкнинг дахлсизлигини таъминлашнинг ишончли ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакат иқтисодиётидаги ролини ошириш, ишчанлик муҳитини янада яхшилаш бўйича изчил чора-тадбирларнинг мантиқий давоми экани қайд этилди.
 
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш ва уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини кескин камайтириш, хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик ривожланишига тўсқинлик қилувчи барча ғовлар ҳамда чекловларни бартараф этиш қонуннинг асосий мақсадидир. 

Жумладан, тадбиркорлик субъектлари жавобгарлигининг янада эркинлаштирилишини таъминлаш мақсадида Жиноят кодексига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга доир ҳуқуқдан маҳрум этиш тарзидаги жазо тайинланмаслигини назарда тутувчи норма киритилмоқда, бундан одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган ҳоллар мустасно.
 
Маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этиш, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта жиноят содир этган тадбиркорлик субъектларига ва уларнинг ходимларига, агар улар ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан бошлаб ўттиз кунлик муддатда йўл қўйилган ҳуқуқбузарликни ихтиёрий равишда бартараф этган ва (ёки) етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлсалар, жарималар ҳамда молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланмаслиги назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, қонунда ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахсларни, агар улар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан бошлаб ўттиз кун ичида ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъектининг рўйхатдан ўтказилишини таъминлаган ва рухсат берувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган бўлсалар, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этиш механизми жорий этилмоқда.
 
Шунингдек, қонунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари бўйича ҳам режадан ташқари текширишнинг, шунингдек, қарши текширишнинг барча турларини бекор қилиш назарда тутилмоқда. 

Жиноят-процессуал кодексига киритилган тузатишлар терговдан олдинги текширувлар вақтида ва қўзғатилган жиноий ишлар бўйича тафтишлар тайинланишини ҳамда ўтказилишини процессуал жиҳатдан аниқ тартибга солишни назарда тутади, шу жумладан, тафтиш тайинлаш учун асосларни, тафтишларни, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари тафтишларини ўтказиш муддатлари ва шартларини, текширилаётган субъектларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шунингдек, тафтиш ўтказувчи шахсларни белгилаб беради. 

Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида муҳим омил бўлади, мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг муҳим шарти сифатида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлида мавжуд бўлган маъмурий ва сунъий тўсиқларни қатъийлик билан бартараф этишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан қабул қилинди.
 

Теглар:Тадбиркорлик Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик Қонун Олий Мажлис Сенати 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар