Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мазкур масалага доир қонун лойиҳаси таклиф қилинди.
Қонун лойиҳаси 22 моддадан иборат. Жиноят Кодексига икки модда қўшиш орқали уни тўлдириш таклиф қилинган. Шу вақтга қадар трансплантация соҳасида қонун қабул қилинмаган ҳамда ЖКнинг 133-моддасига асосланилган.
Ҳужжат лойиҳалари порталга 23 август куни жойлаштирилган бўлиб, муҳокамалар 7 сентябрга қадар давом этиши белгиланган.
“Инсон аъзолари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг соҳадаги ваколатини, донорлар (берувчи) ва реципиентларнинг (олувчи) ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Жиноят кодексига ўзгартириш киритиш мақсадида икки модда таклиф қилинган.
1-модда. Инсон аъзолари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини ажратиб олишга мажбур қилиш ёки ноқонуний ажратиб олиш билан боғлиқ жиноятлар учун санкция:
- 3 дан 5 йилгача озодликни чеклаш;
- 3 дан 5 йилгача муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш билан озодликдан маҳрум қилиш.
Оғирлаштирувчи ҳолатларда 5 йилдан 8 йилгача, одам ўлимига олиб келувчи ҳолатларда эса 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади.
2-модда. Инсон аъзолари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларига нисбатан битим тузиш билан боғлиқ жиноятлар учун санкция:
- 3 дан 5 йилгача озодликни чеклаш;
- 3 дан 5 йилгача муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш билан озодликдан маҳрум қилиш.
Жиноят такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ёхуд бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган тақдирда, айбдорлар 5 дан 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилинади.
Лойиҳалар ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки рад этилиши мумкин.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 133-моддасида инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олиш билан боғлиқ жиноятлар учун санкциялар назарда тутилган.
Унга кўра, шахс тириклигида унинг розилигини олмасдан туриб ёки ўлганидан кейин яқин қариндошларининг розилигисиз илмий ишлар ёхуд таълим ишлари учун трансплантация қилиш ёки бузилмайдиган ҳолда сақлаш (консервация) мақсадида мурданинг аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олганлик учун,
- ЭКОИҲнинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима
- 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш
- 360 мажбурий жамоат ишлари
- 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари
Ўша ҳаракатлар:
а) ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда;
б) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса,
- уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш
- уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш
Янги қонун лойиҳасида жамоатчилик фикрини ўрганиш, бошқа давлатларда аллақачон йўлга қўйилган бундай амалиётларга ўзбекистонликлар муносабати қай даражада шаклланганлиги атрофлича таҳлил этиш — масаланинг ижобий ечимига етаклашига ишонамиз.