Ўзбекистонлик ФИФА ҳаками Равшан Эрматов ЎФФ амалга ошираётган ўзгаришларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
Таниқли мутахассис Миржалол Қосимовдан сўнг ўзбекистонлик ФИФА ҳаками Равшан Эрматов ҳам ЎФФ томонидан ўзбек футболининг савиясини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, миллий чемпионат форматидаги ўзгаришлар ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.
“...Келаси йилдан бошлаб миллий Олий Лигада 12 та клуб иштирок этиши борасида профессионал футбол лигаси томонидан қарор қабул қилинди.
Бу янги формат Олий Лига клублари ўртасидаги рақобатни янада оширади. Рақобат бор жойда эса ўсиш бўлади ва сифат ҳам ошади.
12 талик форматда жамоалар учун осон ўйинларнинг ўзи бўлмайди. Кўплаб футбол мутахассислари ва футбол мухлислари томошабоплиги борасида Англия чемпионатини дунёда биринчи ўринга қўйишади.
Хўш, бу чемпионат нимаси билан қизиқ? Охирги ўриндаги жамоа ҳам кутилмаганда етакчини мағлубиятга учратиши мумкин.
Шундай ўйинлар ўзимизда ҳам кўпайса, мухлислар ҳам стадионларни тўлдириб ўтиришади.
Англия чемпионати ҳам ўз-ўзидан томошабоп бўлиб қолмаган. Улар ҳам секин-аста шу даражага етиб келишган.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан амалга оширилаётган бу ислоҳотлар, Олий Лига форматининг ўзгариши томошабоп ва қизиқарли футболнинг бошланиши бўлиб хизмат қилишига ишонаман”, дейди Равшан Эрматов.
Эслатиб ўтамиз, Равшан Эрматов жорий йилнинг 6–16 декабрь кунлари Дубай шаҳрида футбол бўйича клублар ўртасида жаҳон чемпионати ўйинларини бошқариб боради.
Шунингдек, Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси Осиё чемпионлар лигаси мусобақасининг финалидан ўрин олган “Урава Ред Даймондс”–“Ал Ҳилол” жамоалари ўртасидаги ўйинни бошқариши ҳақида ҳам аввал хабар бериб ўтгандик.