...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда лазер ёрдамида ерга ишлов бериш технологияси истиқболлими?


11:31, 11.08.2017 Технология
 2 374

“Лазер ёрдамида ерларни текислаш ва шўрланишнинг олдини олиш ҳамда сувни тежаш технологияси асослари” мавзусида семинар бўлди.

Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманида “Лазер ёрдамида ерларни текислаш ва шўрланишнинг олдини олиш ҳамда сувни тежаш технологияси асослари” мавзусида семинар бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилди.
 
Мўйноқ, Тахтакўпир, Чимбой, Кегейли ва Қанликўл туманларида амалга оширилаётган мазкур лойиҳага кўра, иқлим ўзгаришига мос қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг барқарорлигини таъминлаш, яйловларни кенгайтириш, ландшафт даражада тупроқни деградациядан муҳофаза қилиш, намликни сақлаш, Орол денгизи тубида кўчма қумларни тўсиш бўйича амалий ишлар қилинмоқда.
 
Иштирокчилар лазер ускунаси ёрдамида ерни текислашнинг афзалликлари, бунинг натижасида сувни тежаш бўйича олиб борилаётган ишлар самаралари билан танишди.
 
– Ушбу усулда текисланган экин майдонларини суғоришда 25 фоизгача сувни тежаш ва ҳосилдорликни 10 фоиз оширишга эришилмоқда, – дейди лойиҳа мутахассиси Озод Тлеумуратов. – Ўзбекистон шароитида бу жуда яхши кўрсаткич. Боиси, экин майдонларидаги баланд-пастлик айрим далаларда 50 сантиметргача фарқ қилади. Бундай шароитда экин бир текис қониб сув ичмайди, ҳосилдорлик кутилганидан анча кам ва сув сарфи жуда юқори бўлади.
 
Лойиҳага кўра, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ерларни лазер усулида текислаш учун 7 замонавий ускуна келтирилиб, Чимбой туманидаги “Жузбаси” ҳамда “Алимбет кўл” фермер хўжаликларига, Қанликўл туманидаги “Агротехсервис” масъулияти чекланган жамияти ва “Шомурат механик” фермер хўжалигига, Мўйноқ туманидаги “Қозоқдарё” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Мўйноқ ҳосилдор” масъулияти чекланган жамиятига, Тахтакўпир туманидаги “Адилет тахта” машина-трактор парки ва Кегейли туманидаги “Агротехсервис” масъулияти чекланган жамиятига берилди. Бу хўжаликларда экин майдонлари ана шу усулда текисланиб, деҳқончилик қилинмоқда.
 
– Лазер ускунаси ёрдамида текисланган ерда деҳқончилик қилиш ҳар томонлама самарали, – дейди Чимбой туманидаги “Жузбаси” фермер хўжалиги раҳбари Жеткерген Абдурасулев. – Хўжалигик тасарруфидаги 90 гектар ернинг 35 гектарига буғдой, 40 гектарига пахта экдик. 7 гектар боғ ва 2 гектар токзор ҳам замонавий технология асосида текислангани яхши самара бермоқда. Бу йил гектаридан 60 центнердан ғалла олишга эришдик. Гектарига 1 минг 400 кубометр сув тежаб қолинди, рентабеллик 18 фоизни ташкил этди.
 
Ушбу янги технология қўлланилиши самарасида сувдан оқилона фойдаланиш, ҳосилдорликни сезиларли даражада ошириш билан бирга, тупроқ шўрланишининг олдини олишга ҳам эришилмоқда.
Зоҳиршоҳ Жўраев 

Теглар:Ўзбекистон Лазер технологияси Қишлоқ хўжалиги 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!