...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда картошка нархи ошиб кетишига нима сабаб?


16:16, 31.03.2017 Жамият
 19 299

Аммо бугунги кунда юртимизда картошканинг нархи кескин кўтарилиб кетгани барчамизни ташвишга солмоқда. Хўш, бунга сабаб нима?

Инсон ҳаёти давомида тановул қиладиган озиқ-овқатлар орасида полиз экинларининг ўрни беқиёс. Улардаги витаминлар одам организми учун жуда муҳим ҳисобланади. Мана шундай сабзавотлардан бири картошкадир. Картошкадан нафақат озиқ-овқат ҳамда ем-хашак сифатида, шунингдек, крахмал, спирт, глюкоза, декстрин ва бошқа маҳсулотлар олишда хомашё сифатида фойдаланилади. Картошка туганаги таркибида 75-80 фоиз сув, 23,7 фоиз қуруқ модда, шу жумладан, 17,5 фоиз крахмал, 1-2 фоиз оқсил, 0,5 фоиз қанд моддаси, 1 фоиз минерал тузлар, шунингдек, В1, В2, В6, С, РР, Д витаминлари ва провитамин А (каротин), пўстида эса заҳарли модда салонин бор. Картошка кишиларнинг озиқ-овқат рационида муҳим ўрин тутади. Физиологик тавсия нормаларига кўра, бир киши учун йиллик картошка истеъмоли миқдори 45 килони ташкил этади.
 
Кўриниб турибдики, бундай сабзавотни доимий истеъмол қилиш фойдали. Аммо бугунги кунда юртимизда картошканинг нархи кескин кўтарилиб кетгани барчамизни ташвишга солмоқда. Хўш, бунга сабаб нима?
 
Биз мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида бир нечта бозорларга ташриф буюриб, бозор маъмуриятига мурожаат этдик. Саволларимизга Сергели тумани ярмаркасига қарашли "Элга хизмат" савдо мажмуаси директори Қудрат Болтаев жавоб берди.
 
– Бу йил картошканинг нархи ошиб кетишига картошка маҳсулотининг етишмовчилиги сабаб бўлдими ёки сифат даражасими?
 
– Ҳар йили мамлакатимизда одамлар эҳтиёжи учун етарли даражадаги ҳосилдор ерларга картошка экилади ва ўз маҳсулотимиз билан халқимизни таъминлаб келамиз. Бу йил ҳам худди шу зайлда иш олиб борилди. Аммо об-ҳаво таъсири туфайли картошкага касаллик тегди ва сабзавот заҳарланиш ҳолатига учради. Шу сабабли Ўзбекистонда картошка маҳсулоти танқислиги рўй берди.
 
– Ўзбекистонда бундай танқислик кечаётган бир пайтда аҳоли эҳтиёжини қондириш учун қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?
 
– Бу каби масалаларни мутасадди ташкилот вакиллари кўриб чиққан ҳолда импорт фаолиятини кучайтирди ва Россия, Покистон, Белоруссия, Қозоғистон мамлакатларидан картошка маҳсулотларини олиб келиб,"Ўзбекозиқовқат" захира уюшмаси томонидан арзонлаштирилган ҳолатда аҳолини таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. Бунга мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳузуридаги Савдо, хизмат кўрсатиш соҳаси ва халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш департаменти аҳолининг моддий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда ҳар ойнинг бошида сабзавотлар нархини белгилаб бермоқда. Бу фаолият "Элга хизмат" савдо мажмуаси назорати остида тадбиркорлар орқали амалга оширилмоқда. Бу эса ўз навбатида аҳолига бир қанча қулайликларни яратади.
 
– Четдан олиб келинаётган картошкаларни Ўзбекистонда етиштириладиган картошка сифатига таққослай оламизми? Агарда сифат даражаси тенг бўлса, арзонлаштирилган бу сабзавот учун давлат бюджети зарар кўрмаётганмикин?
 
– Ўзбекистонда етиштириладиган тўйимли ва витаминга бой бу сабзавотни четдан олиб келаётган сабзавотга таққослаб бўлмайди, албатта. Аммо бу импорт маҳсулотлари сифатсиз дегани эмас. Чунки у ерда ҳам сифатли полиз экинлари етиштирилади. Аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш учун қилинаётган бу чора- тадбирлар учун давлат бюджети зарар кўрмайди, деб ўйлайман. Бу нарсаларнинг барчаси ҳисоб-китоб орқали амалга оширилади.
 
Биз кузатув натижасида Чорсу деҳқон бозори, Сергели тумани ярмаркаси, супермаркетлари ва улгуржи бозорларда сотилаётган картошкаларнинг нархларини солиштирганимизда турли тафовутларга дуч келдик. Масалан, картошка нархлари Чорсу деҳқон бозорида 1800 сўмдан 4000 сўмгача, супермаркетларда 3798 сўмдан 4698 сўмгача, улгуржи бозорларда 3500 сўмдан 4500 сўм нархларда сотилмоқда. Фақатгина Сергели бозорида сотилаётган барча картошкаларнинг нархи 1800 сўмдан 2000 сўмгача. Бундай ҳолатни кўриб, тадбиркор Акмал Юсуповга мурожаат этдик.
 
– Айтинг-чи, нима учун Сергели ярмарка бозорида картошкаларнинг нархи бошқа бозорларга қараганда анча арзон? Бундай имконият фақатгина шу бозорда мавжудми ёки бунга бошқа сабаб борми?
 
– Ҳақиқатан ҳам, бизнинг бозоримизда картошкаларнинг нархи арзонлаштирилган ҳолда сотилади. Ҳар ойнинг бошида тегишли ташкилот вакиллари нафақат картошка, балки барча полиз экинларининг келишилган ҳолатдаги нархларини белгилаб беради. Шунингдек, барча тадбиркорларни ушбу белгиланган нархлар билан таништириб ўтади ва биз шу асосда ўз иш фаолиятимизни юритамиз. Бизнинг бозоримизда қиммат нархга пуллайдиган олиб-сотар сотувчилар учрамайди. Шу сабабли, бозоримиз расталарида сотилаётган барча маҳсулотларимиз сифатли ва тартибли. Лекин бу йил картошканинг ўзи ҳам анча танқис бўлиб кетди. Чунки ҳар йили 20 тонна олинадиган жойдан бу сафар 6 тонна картошка олинди, 14-15 тонна зарар зарар кўрилди. Балки шунгадир.
 
Бундан кўриниб турибдики, барча бозорларимизда ҳам тартибга, қонун-қоидага риоя қилинмас экан. Бу каби тартибсизликларнинг олдини олиш учун қилинаётган чора-тадбирларни нима учун маъсул ходимлар ўз назорати остига олмаяпти? Аҳоли бу каби тартибсизликдан азият чекаверсинми?! Ахир ҳамманинг ҳам имконияти етарли эмаслиги барчамизга маълум-ку. Мамлакатимизда қабул қилинаётган барча қонунлар, ишлаб чиқарилаётган чора-тадбирлар халқ фаровонлиги учун хизмат қилиши керак эмасми? Бу каби саволларга жавоб топиш мақсадида бир неча тадбиркорларга юзланганимизда, улар саволларимизга жавоб беришни хоҳлашмади.
 
Ҳисоб-китобларга кўра, дунё бўйича бир йилда етиштириладиган картошканинг қиймати шу муддат ичида қазиб олинадиган олтин ва кумуш қийматидан кўпдир. Дарҳақиқат, одам саломатлиги олдида ҳар қандай олтину кумуш ҳеч бир қийматга эга эмас. Фақат ўз чўнтагини ўйлаб, аҳолининг манфаатларига путур етказаётган "тадбиркорлар"нинг олиб бораётган савдо ишларини тўғри йўлга қўйиш халқ дардига қулоқ солаётган бир даврда айни муддаодир!
Мадина Муҳаммадиева

Теглар:Картошка Сергели Чорсу Бозор 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар