Депутатлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар ва қабул қилдилар.
Мажлисда таъкидландики, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Мазкур йўналиш, таъкидлаб ўтилганидек, ҳар бир фуқаронинг ҳаётида жуда муҳим аҳамиятга эга, чунки у инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита алоқадордир.
Кўплар ушбу соҳадаги илғор ғояларнинг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўз ҳаётида ҳис этиб улгурди. Масалан, фақат 2017-йилнинг ўзида судлар томонидан 228 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди, ҳолбуки ўтган беш йил мобайнида бор-йўғи 7 нафар шахс оқланган эди.
Дастлабки тергов органлари томонидан 3, 8 мингта жиноят иши тугатилди.
Депутатларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан киритилган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўлидаги туб ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.
Қонун лойиҳаси илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда суд-тергов фаолияти жараёнида фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик асосларини янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.
Бу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 ноябрда қабул қилинган “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқаришнинг мантиқий давомидир.
Депутатлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар ва қабул қилдилар. Қонун парламент юқори палатасига маъқуллаш учун юбориладиган бўлди.