...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда чўчқа гриппи тарқалдими?


02:45, 07.02.2016 Жамият
 7 870

Одамлар орасида Ўзбекистонда чўчқа гриппи тарқалиши натижасида 10 киши вафот этибди, деган гаплар тез-тез қулоққа чалиняпти. Бу гапларга Республика грипп миллий маркази раҳбари жавоб берди.

Шу кунларда одамлар орасида, хусусан ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда чўчқа гриппи тарқалгани ва ундан ҳозирга қадар 10 кишининг вафот этгани билан боғлиқ хабарлар тарқалмоқда. Албатта, бундай гаплар маҳаллий аҳолини хавотирга солиши тайин. Чет мамлакатларда ушбу касалликнинг авж олаётгани ва минглаб инсонларнинг шу касаллик туфайли қисқа муддат ичида вафот этаётгани ҳақидаги хабарларни эшитган одамлар орасида ваҳима кўтарилмоқда. Бу гапларга ойдинлик киритиш мақсадида биз Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Республика грипп миллий маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Равшан Раҳимовга бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.
 
— Аҳоли ўртасида Ўзбекистонда чўчқа гриппи тарқалгани ҳақидаги ваҳимали гаплар тобора кўпаймоқда. Айтингчи, бу хабар қанчалик тўғри?
— Йўқ. Бу норасмий ва нотўғри маълумот. Ҳозир Ўзбекистонда чўчқа гриппи эмас, оддий грипп ва бир қатор ўткир респиратор инфекциялар тарқалган. Кўпчилик ушбу кайд этилаётган мавсумий грипп ва ўткир респиратор инфекцияларни чўчқа гриппи билан адаштиряпти. Айтиш лозимки, оддий грипп билан чўчқа гриппининг ўртасида катта фарқ бор.

A (H1N1)pdm09 касаллик вируси билан оғриш ҳолати 2009 йилда пайдо бўлган. У грипп пандемиясини юзага келтирган А туридаги грипп вирусидир. Дарҳақиқат, у ҳақиқатан ҳам биринчи маротаба чўчқа организмида шаклланган. Ушбу грипп билан касалланган илк одамлар инфекцияни чўчқалардан юқтиришган. Гриппнинг номи ҳам ўз-ўзидан мана шу ҳолатдан сўнг келиб чиққан. Кейинги юқтириш ҳолатларида гриппнинг бундай тури билан касалланган беморлардан бошқа одамларга юқиши кузатилган.



Айни дамда Ўзбекситонда мавжуд грипп кўплаб ўткир респираторли инфекциялар белгиларига ўхшаш – тана ҳарорати кўтарилиши, лоҳаслик, юқори нафас йўллари шиллиқ қаватининг яллиғланиши ва қичишиши, йўтал, иситма, ҳолсизлик, иштаҳанинг йўқолиши кабилар билан кечувчи оддий гриппдир.     

Грипп касаллигига барча ёшдагилар мойил, айниқса, иммун ҳолати паст сурункали хасталиклари бўлганларга, гриппга қарши умуман эмланмаган инсонларга касаллик тез юқади.
— Грипп тарқалишининг об-ҳавога таъсири борми? Гарчи қиш фасли бўлса-да, бу йил Ўзбекистонда қор жуда кам миқдорда ёғди. Кўпчилик қишда совуқ бўлмагани сабаб иссиқ об-ҳаво шароитида инфекциялар кўпайганини айтмоқда?
— Бу фикрга қўшила олмайман. Ер юзидаги энг иссиқ мамлакатларда ҳам, ҳаво ҳарорати жуда паст бўладиган ўлкаларда ҳам касалликлар эпидемияси кузатилади. Грипп каби вирусли касалликлар асосан бир йилда икки марта маълум ойлар оралиғида кучаяди. Одатда грипп билан касалланиш баҳор ва куз ойларида авж олади. Айни дамда ҳудудда барқарор эпидемиологик ҳолат кузатилмоқда.
— Чўчқа гриппи эпидемияси бир давлатда бошлангач, оз вақт ичида бошқа давлатларда ҳам аниқланяпти. Айтингчи, шу бугунгача Ўзбекистонда ҳам чўчқа гриппи билан касалланиш ҳолати қайд этилганми?
— Грипп, хусусан, чўчқа гриппи ҳам ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Шу сабабдан у жуда тез тарқалади. Айни дамда Шарқий ярим шар мамлакатларида турли инфекцион касалликлар мавсуми ҳукм сурмоқда. Ўзбекистонда чўчқа гриппи касаллиги қайд этилмаган. Бизда фақат оддий грипп тури, бир неча шаклларда учрайди холос.
Чўчқа гриппининг оддий гриппдан фарқи нимада? Уларни касаллик белгилари орқали ажратиш мумкинми?
— Қушлар, ҳайвонлар, хусусан, чўчқалар ўртасида ҳам грипп ҳолатлари учрайди. Аммо A (H1N1)pdm09 билан фақат инсон оғриши мумкин. A(H1N1)pdm09 гриппидаги белгилар A (H3N2) каби бошқа грипп турларига хос белгиларга, шунингдек, баъзи инфекцион касалликларнинг белгиларига жуда ўхшаб кетади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам фуқаролар уйда, ўзларича даво чораларини кўрмасдан зудлик билан шифокор ҳузурига боришлари лозим. Акс ҳолда, уларни даволаш қийинлашади, бундан ташқари организм катта миқдордаги иммун ҳолатини йўқотади.
Чўчқа гриппининг бизнинг мамлакатда қайд этилмагани қувонарли ҳол, албатта. Бундан кейин ҳам унинг Ўзбекистон ҳудудида тарқалмаслиги учун қандай ишлар амалга ошириляпти?
— Юқорида қайд этиб ўтганимдек, мавсумий грипп ва бошқа бир қатор ўткир респиратор инфекциялар билан касалланиш ҳар йили, баҳор-қиш фаслларида авж олади. Биз ҳар йили грипп ва ўткир респиратор касалликлар мавсуми олдидан профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни белгилаймиз ҳамда амалга оширамиз. Улардан энг асосийси аҳолини гриппга қарши эмлашдир.



— Одамлар орасидаги яна бир фикрга ойдинлик киритсак: Чет эл оммавий ахборот воситаларида гриппга қарши вакциналар ҳақида келтирилаётган мулоҳазалар бизда ҳам ушбу вакциналарга қарши шубҳа уйғотмоқда. Гап шундаки, гриппга қарши эмланган баъзи болаларда аллергия, хушдан кетиш каби бир қатор жиддий ҳолатларнинг кузатилгани ҳақидаги мулоҳазалар ҳам бор. Гриппга қарши вакцина шундай ҳолатларни юзага келтириши мумкинми?
Грипп касаллигининг асосий профилактик чора-тадбирларидан бири – бу грипп касаллиги мавсумидан олдин аҳолини гриппга қарши эмлашдир.  Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган гриппга қарши вакциналар хавфсиз. Ушбу вакциналар ёрдамида юзлаб, минглаб одамлар, болалар, ҳомиладор аёллар эмланади, аммо шу вақтгача унинг зарари ёки ножўя таъсири ҳақида шикоятлар қайд этилмаган. Бунда фақат дори воситасини тўғри сақлаш ва тўғри эмлашга эътиборли бўлиш зарур.

Ўзбекистон Республикаси худудида узоқ йиллар давомида Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти томонидан тавсия этилган қуйидаги гриппга қарши вакциналар ишлатилмоқда. Ҳар йили ишлаб чиқарилаётган вакцина эпидемиологик вазиятга мос келувчи грипп вирусларининг А ва В  штампларидан ташкил топган. Барча вакциналар ҳалқаро сертификатга эга. Эмлаш ишлари ҳар бир грипп вакцинасини қўллаш бўйича кўрсатмалар асосан ва шифокор тавсияси билан амалга оширилмоқда. Вакцинациядан кейин 2-3 ҳафта ўтгач вирусга қарши ҳимоя антителолари пайдо бўлади ва  одам организмида бир йил давомида гриппга қарши иммунитет ҳосил бўлади. Умуман гриппга қарши эмланганларда, шу жумладан болаларда эмлашдан кейинги асоратлар кузатилмаган. Гриппга қарши эмланиш сентябрь-октябрь ойларида амалга оширилиши тавсия этилади.                                                                                                                                           
Чўчқа гриппи ҳақида қисқача...
 
Оммавий ахборот воситаларида ушбу грипп ҳақидаги хабарлар 2009 йилнинг бошларида пайдо бўлган. АҚШдаги чўчқахоналарда кенг тарқалган грипп қисқа вақт ичида Мексика, Канада, Жанубий Америка, Кения, Хитой ва Европа мамлакатлари ҳудуди, Тайвань, Япония ҳамда Осиёнинг баъзи давлатларида тарқалиб кетди. Афсуски, чўчқа гриппи инсонлар ўртасида ҳам тарқала бошлади. Энг ёмони вирус доимий равишда мутацияланиб туради. Дастлаб бу грипп касалланган чўчқа гўштини истеъмол қилган инсонларда кузатилган. Кейин эса одамдан одамга ўтиши ҳам кузатилган.

Гриппнинг ҳар қандай тури халқ тили билан айтганда “инсоннинг кучини қирқади”. Шундай экан, ўзимизни, оиламизни, фарзандларимизни, ота-оналаримиз ва яқинларимизни гриппдан ҳимоя қилишимиз лозим. Бунинг учун тозалика риоя қилиш, одамлар гавжум жойларда ниқоб (маска) тақиш, хона ҳавосини тез-тез алмаштириш, тўғри овқатланиш, спорт билан шуғулланишни канда қилмаслик зарур. Ўзингизда лоҳаслик, кўнгил айниши, истима, бурун, қулоқ, томоқ оғриғи, ҳолсизлик каби аломатларни сезсангиз, уй шароитида даволанманг! Зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг. Унутманг, саломатлигингизни асраш ўз қўлингизда!
Умида Якубова

Теглар:Грипп Чўчқа гриппи Соғлиқ сақлаш вазирлиги Грипп миллим маркази 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

DrJBS
16:43 25.02.2016

rostdan ham O'zbekistonda bu gripp hali aniqlanmagan, aholi orasida shov shuvlar shunchaki oddiy gripp xususida bormoqda.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар