Сўнги вақтларда “Апостиль” учун тўлов миқдорининг юқорилиги ҳақида кўплаб фуқаролар томонидан эътирозлар билдирилаётган эди.
Ҳар йили 30 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари ишлаш, ўқиш, оила қуриш ва бошқа шу каби масалаларда бизнинг давлат ташкилотларимиз томонидан берилган расмий ҳужжатларни хориждаги расмий идораларга топширади.
Ушбу ҳужжатларни хорижда тан олинишининг асосий усулларидан бири сифатида уларга махсус штам – “Апостиль” қўйилган бўлиши шарт.
Сўнги вақтларда “Апостиль” учун тўлов миқдорининг юқорилиги ҳақида кўплаб фуқароларимиздан эътирозлар билдирилаётган эди.
Шу сабабли, Адлия вазирлиги томонидан ушбу тўлов миқдорини камайтириш юзасидан таклиф ишлаб чиқилиб, Ҳукуматга киритилди.
Ҳукумат қарори билан “Апостиль” учун тўлов миқдори 172 240 сўмдан 17 224 сўмга туширилди.
Ҳукумат томонидан ушбу таклиф қўллаб-қувватланиб, кўпчилик фуқароларнинг талаб ва истаклари қондирилди.
Маълумот ўрнида, расмий ҳужжатларга махсус штам – “Апостиль” қўйиш ваколатига эга бўлган 4 та ташкилот масъул. Булар:
- судлар, адлия органлари ва муассасаларидан чиқадиган расмий ҳужжатлар бўйича – Адлия вазирлиги;
- прокуратура, тергов, суриштирув ва терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларидан чиқадиган расмий ҳужжатлар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;
- таълим ва фан соҳаси ташкилотларидан чиқадиган расмий ҳужжатлар бўйича – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси;
- бошқа ҳар қандай расмий ҳужжатлар бўйича – Ташқи ишлар вазирлиги.