...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон – саёҳат учун энг тўғри манзил


12:58, 19.04.2016 Жамият
 5 507

Бугунги кунда мамлакатимизда 530 дан ортиқ туроператор ва агентлик, 430 меҳмонхона фаолият юритмоқда.

Кеча, 18 апрель куни пойтахтдаги “Ўзкўргазмасавдо” мажмуасида “Дам олиш дунёси” халқаро Ўзбекистон сайёҳлик кўргазмаси иш бошлади.
 
Кўргазма “Ўзбектуризм” миллий компанияси ва “Буюк ипак йўли” реклама агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди. 
 
Сўнгги йилларда Ўзбекистон туризм соҳасида энг етакчи мамлакатлар қаторида тургани ҳеч кимга сир эмас. Мамлакатимизнинг кун сайин равнақ топиб, чирой очиб бораётгани, тарих ва келажакни ўзида мужассам этган кўркам бинолар қад ростлаётгани хорижлик мутахассислар ва сайёҳларни ҳам бефарқ қолдирмаяпти, албатта.
 
Ўзбекистон тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакатдан биридир. Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарларимиз бутун дунёда қадрланади. Юртимизнинг бой маданий-маънавий мероси ва ранг-баранг табиати сайёҳликнинг экотуризм, геотуризм, тиббий, этник, спорт, тарихий ва маданий йўналишлари, альпинизм, балиқ ови, рафтинг каби кўплаб турларини ривожлантириш учун қулай имконият яратмоқда. Қадимий обидалар, хушманзара гўшалар бўйлаб янги сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилмоқда, транспорт коммуникациялари изчил яхшиланмоқда
 
Бугунги кунда мамлакатимизда 530 дан ортиқ туроператор ва агентлик, 430 меҳмонхона фаолият юритмоқда. Пойтахтимиз ва вилоятларда “Radisson”, “Lotte”, “Wyndham”, “Ramada” каби дунёга машҳур отеллар билан бирга кичик гуруҳларда ва оилавий саёҳат қилувчилар учун хусусий меҳмонхоналар хизмат кўрсатмоқда. 

Дам олиш туризми бутун дунёда талаб юқори бўлган соҳалардан биридир. Ушбу халқаро кўргазма Ўзбекистонда баҳор-ёз сайёҳлик мавсумини очиб берадиган ўзига хос лойиҳа бўлиб, хорижликларни мамлакатимиздаги дам олиш масканларига жалб қилиш, юртдошларимизнинг чет элга саёҳатини уюштириш, ички туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Кўргазма маҳаллий ва хорижий туроператорларга янги мавсум олдидан ўз хизматларини намойиш этиши, корпоратив мижозлар билан шартномалар тузиш, таътил мавсумига оид режалар ишлаб чиқиш учун қулай имкониятлар яратади. 
 
Тўртинчи маротаба ўтказилаётган кўргазмада Ўзбекистон, Хитой, Испания, Франция, Малайзия, Сингапур, Бирлашган Араб Амирликлари, Таиланд, Туркия, Вьетнам, Чехия ва Мальдив каби мамлакатлардан 200 фирма ва компания вакиллари иштирок этмоқда. 
 
Кўргазманинг дастлабки кунида “Ўзбекистонда тиббий туризмни ривожлантириш ҳолати ва истиқболлари” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда тиббий туризмни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. 
 
Кўргазма 19 апрель куни ўз ишига якун ясайди. 

Теглар:Туризм Сайёҳлик Ўзкўргазмасавдо 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар