Мамлакат иқтисодий сиёсатидаги ўзгаришлар ва тайёрланаётган қонунчилик ислоҳотларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Ўрта Осиёнинг янги криптопойтахти сифатида танланди.
"МДҲнинг учинчи ўриндаги энг йирик иқтисодиёти — Ўзбекистонга хуш келибсиз! Мамлакат иқтисодий сиёсатидаги ўзгаришлар ва тайёрланаётган қонунчилик ислоҳотларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Ўрта Осиёнинг янги криптопойтахти сифатида танланди", дейилади саммит сайтида.
Ташкилотчиларнинг фикрича, Тошкентда бўлиб ўтадиган блокчейн ва криптовалюталар бўйича Бутунжаҳон саммити инвестициялар ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун имкониятларга тўла янги бозорга чиқиш учун ўзига хос имкониятдир.
Иштирокчилар International Hotel Tashkent меҳмонхонасида рақамли иқтисодиёт, жумладан, маълумотлар махфийлиги, блокчейн-технологияларни қўллаш, майнинг, криптовалютани сақлаш ва алмаштириш масалалари бўйича муҳокамалар ўтказишади.
Саммитда Қозоғистон, Латвия, Голландия, Исроил, Баҳрайн, Янги Зеландия, Австралия, Россия, Нигерия ва бошқа давлатлардан келган блокчейн ва криптовалюта бўйича мутахассисларнинг чиқишлари режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган ойда имзолаган “Ахборот технологиялари ва коммуникация соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Ўзбекистонда криптовалюта билан ишлаш амалиётини жорий қилиш назарда тутилган.