...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним таваллудига 101 йил тўлди


01:17, 01.03.2016 Жамият
 6 628

Шоиранинг шахси, ижоди ҳақида гап бошлаган ҳар бир инсон сўзларини вафо ва садоқат маликаси Зулфияхоним, жумласи билан бошлайди.

Қандай яхши! Яна баҳор! Ўша биз орзиқиб кутган баҳор! Орзулар, эзгу ниятлар, умидлар фасли! Гўзаллик, нафосат, севги ва муҳаббат фасли! Аввал юракларимизни баҳор соғинчи тўлдиради, унинг ташрифини кутиб кунлар, соатлар санаймиз. Сўнг кутганларимизга арзигулик бўлиб келади! Ўзи билан бир олам қувонч, шодликларни олиб келади!

Баҳорнинг илк кунида туғилиш ҳам аслида тақдирнинг инояти бўлса керак. Ҳар йили баҳор келиши, баҳор байрами мамлакатимизда шеъриятимиз маликаси – Зулфияхоним таваллуд топган кун билан ҳамоҳанг нишонланади. Таъбир жоиз бўлса, баҳорнинг бошланиши юртимизда том маънода, адабиётимиз, шеъриятимиз айёмига айланиб кетади. Дарҳақиқат, Зулфияхоним етук шоира, садоқат ва вафо тимсоли сифатида бутун ўзбек аёллари учун наъмуна бўла олади. У нафақат адабиётимиз ва шеъриятимизда, балки халқимизнинг хотирасида абадий яшамоқда. Шоиранинг шахси, ижоди ҳақида гап бошлаган ҳар бир инсон сўзларини вафо ва садоқат маликаси Зулфияхоним, жумласи билан бошлайди.

Аслида ўзбек аёлининг вафо ва садоқат чашмаси деб аталиши бежиз эмас. Бу туйғуни ўзида мужассам эта олган шахс ўзи бахтли бўлибгина қолмай, ўзгани ҳам бахтли қилишга қодир. Зеро, мутафаккир Алишер Навоий айтадиларки, “Вафо шундай бир покиза матлубаки, у табиати ва кўнгли пок бўлмаган кимсага яқинлашмайди. Вафо шундай асл гавҳарки, у инсоният тожига зийнатдир. У вафо ва ҳаёни эгизак ҳолда кўради. Ҳар бир юракда вафо бўлса, у ерда ҳаё ҳам бўлади”. Зулфияхоним ана шундай фазилатга эга бўлган шахслар қаторидан жой олиб, улуғ бир ном, меҳрибон она, вафоли ёр, қолаверса, ҳалқимиз ардоғидаги вафо ва садоқат куйчиси эди.

“Шеърият! Бу ҳаётимнинг барча саҳифалари, азиздан азизим, оғриғим, шодлигим, содиқ дўстим, сирдошим менинг. У ҳаммага азиз! Мен бунга сафар чоғларимда кўпроқ инондим. Одамлар чинакам шеърга ишонади, унга суянади, уни интиқ кутади, малҳам деб билади! Шеърият – инсоннинг маънавий эҳтиёжи. Мендан кўпинча ҳаётимнинг энди ёзилажак варақларидаги шеърлар ҳақида сўрашади. Мен айтолмайман, ахир, келгусида муҳаббат ва яна ҳоказолар ҳақида шеър ёзмоқчиман, деб бўлармиди? Асло!

Шеър бу – чақмоқдай оний туйғу. Унинг сувратини чизиб улгурсанг – улгурдинг, йўқса етмиш икки томирингга сим-сим оғриқ солиб юраверади”.

Шеъриятни жон дили билан севган, ардоқлаган шоира адабиёт гулшанига қадам қўйишида турмуш ўртоғи Ҳамид Олимжон туртки бўлганлинини ўзининг хотираларида келтиради:

“Ҳамид Олимжон шунча ишлар орасида менга ҳам астойдил ёрдам берар эди. Ёшман, баьзан менга сонсиз китоблар, қоғозлар ичида кўмилиб ўтириш ёқимли туюлмасди. Бундай пайтларда у мени илҳомлантириш йўлларини топарди. Эсимда, бир гал Самарқанд сафаридан ўзи билан Раъно Узоқованинг шеърларини олиб келди. Таъсирчан жойларини ўша кечадаёқ ўқиб берди, сўнг: — Кўряпсизми, аёлларимиз қандай ёза олади? Фақат жасорат, ирода керак, – деди-да, секингина қўшиб қўйди. — Биласизми сиз яхшироқ ёза оласиз!”, бу суҳбат менга катта туртки бўлди”.

Ҳамид Олимжон Зулфиянинг ижодий ҳаётида муҳим ўрин тутибгина қолмай, ҳаёт йўлида ҳам унга суянчиқ бўлди. Уларнинг муҳаббати худди янги гуллаган бодом гулидек чиройли ва хушбўй эди. Ҳамид Олимжон ҳаётлигида ўз ёрига атаб энг латиф шеьрлар бағишлади:

Хаёлимда бўлдинг узун кун, сени излаб қирғоққа бордим.
Оч тўлқинлар пишқирган тунда, топиб бер деб ойга ёлвордим.

Зулфия ҳам Ҳамид Олимжоннинг бу эьтиборига жавобан ҳароратли мисралар битган:

Кел, куйсиз юракка, қўшиқ бағишлаб,
Кулгисиз лабларга ўргат табассум.
Бахтинг соч, дард бўлса тишингга тишлаб,
Енга олсанг енгу, бўлма ҳеч таслим.

Зулфия шеърларидан оқаётган тўла меҳр ва соғинч инсон қалбини жунбушга келтирмай иложи йўқ. Зулфия шеърларини ўқиган инсон ўзининг ёшлик чоғларини эсга солмай қолмайди, шеьрлардаги беғуборлик ўқувчига ҳам ўз таъсирини кўрсатади.

Биласиз, бугун ўз орзу истакларини, мақсаду интилишларини бирлаштира олган ғайратли ва иқтидорли ёшлар орамизда талайгина. Қувонарлиси, шиддату шижоатда қизларимиз ҳам бўш келишаётгани йўқ. Миллат келажаги, истиқболи уларга ҳам боғлиқлигини кизларимиз яхши тушунишади. Тўмарис авлодлари, Такинабегиму Бибихоним издошлари, Нодирабегиму Увайсий давомчилари бўлмиш юртимизнинг ҳусну латофатда, ақлу камолотда дурдона қизлари ўз изланиш ва интилишлари билан элимиз учун кўп ва хўп ишларни амалга оширишмоқда.

Аёлни муқаддас билиш, унга алоҳида эҳтиром кўрсатиш, озод ва обод юртимиз келажаги бўлган ҳар томонлама етук ёшларни тарбиялашдаги беқиёс ўрнини яна бир бор эътироф этиш, баркамол, оқила хотин-қизлар авлодини вояга етказиш, улар орасидаги иқтидорли ёшларнинг адабиёт, санъат, фан, таълим ва маданиятни ривожлантиришдаги ютуқлари, тенгдошларининг миллий истиқлол ғоялари ва маданий-маънавий қадриятларга эътиқодининг юксалиши йўлидаги ибратли фаолияти, кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштиришдаги фаол иштирокини рағбатлантириш мақсадида 1999 йилда Президентимиз фармони билан Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди. Ҳозирга қадар юртимизнинг юзлаб истеъдодли, изланувчан ва ташаббускор, фаол қизлари ҳар йили баҳорнинг илк кунларида ушбу юксак мукофот билан тақдирланиб келишяпти. Зулфия мукофоти бугун мамлакатимиз қизларининг ўлчовига, эзгу ғояларини амалга ошириш воситасига айланди.

Мана шундай юксак эътибор рамзи бўлган мукофот совриндори сифатида, мен ҳамиша кўксимда шундай инсоннинг сиймоси туширилган нишон порлаб турганидан фахрланаман. Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари сони йил сайин ортиб, ижодкор, санъатсевар, олима, оқила, шоира, спортчи қизларнинг сафи кенгайиб боряпти. Бу албатта юртимизда қизларга берилаётган улкан имтиёзлардан дарак. Ҳар доим шуни ғурур билан айтаманки, дунёнинг ҳеч бир мамлакатида қизларни улуғловчи бундай мукофот таъсис этилмаган. Мен ҳам ушбу мукофот совриндори бўлиш бахтига муяссар бўлиб, унга эришиш қанчалар шарафли бўлса, унга муносиб бўлишни оқлаш масъулияти янада каттароқлигини доим ҳис қиламан.

Айтиш ўринлики, бугунги кунга келиб мукофот совриндорлари нафақат юртимиз, балки жаҳонда бўлиб ўтаётган олимпиада ўйинлари, илм-фан беллашувлари, санъат соҳасида ўтказиладиган турли фестиваллар, спорт мусобақалари ва танловларда иштирок этиб, юртимиз шарафини ўзбек қизи сифатида муносиб поғоналарга кўтариб келишмоқда.

Барчамизга аёнки, Зулфия опа нафақат атоқли шоира, айни пайтда, ўзининг ибратли ва эзгу фазилатлари билан ҳақли равишда халқимиз, жамоатчилигимизнинг юксак эъзоз ва эҳтиромига мушарраф бўлган олижаноб инсон эди. Шоиранинг дўстлари, ҳамкасблари у ҳақда ҳамиша илиқ, самимий фикрларни билдирганлар. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ойбек шоира ҳақида шундай деган эди:

“Шоира Зулфиянинг адабиёт оламимиздаги овозини биринчи эшитганимда, биринчи шеърларини ўқиганимда илҳомининг тозалиги, ҳисларининг нафислиги, шеърларининг самимийлигидан суюнган эдим”.

Атоқли озарбайжонлик шоира Марварид Дилбозий эса Зулфияхоним ҳақида шундай деган эди:

“Ажойиб табиатли кишиларни кўрганда нодир инжу топган кишидек қувонаман, ҳаётни янада қаттиқроқ севаман. Зулфияхоним, Сиз мен учун ана шу нодир инжу ва гўзал кишилардан бирисиз... Сиз халқингиз учун табиатнинг туҳфаси, орзуларисиз”.

Юртимизда ҳар йили баҳорнинг илк куни, пойтахтимиздаги Зулфия ҳайкали қад ростлаган ҳиёбонда кенг жамоатчилик вакиллари, шеърият ихлосмандлари, шоиранинг оила аъзолари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, талаба-ёшлар билан биргаликда Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида тадбир ташкил этилади ва устоз ижодкор ҳақидаги ёрқин хотиралар ёдга олинади.



“Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман!” деб ифтихор этган шоиранинг ижоди, фаолияти, ҳаётидаги мураккаб синовларини юксак инсоний фазилатларга садоқат билан мардона енгиб ўтган умр йўли, бугунги кунда барча қизларга, Зулфияхоним издошларига ўрнак бўлаяпти.

Зулфияхоним ўзининг бир шеърида: “Бахтли аёл дермиш мени халойиқ”, деб ёзган эди. Дарҳақиқат, халқ меҳри, эл эътиборида, ардоғида бўлиш ҳар қандай ижодкор учун энг катта бахт, энг юксак мукофот эмасми!?

Халқнинг дарди билан ёниб куйган инсонлар одамлар қалбига ўз ҳайкалларини, сиймоларини ўрнатиб кетадилар. Бу ҳайкални унутиб ҳам, қалблардан олиб ташлаб ҳам бўлмайди. Уларни ҳар эслаганда юрагимиз тубидаги энг ширин хотиралар қайта жонланади. Зулфияхоним ҳам одамлар қабига ўз сиймосини, ҳайкалини ўрнатиб кетган улуғ шоира, маърифатпарвар, содоқат бобида беназир ўзбек аёли эди. У баҳор сингари ҳар қачон қалбимизга ёруғлик ва зиё таратиб кириб келаверади.
Камола Эрматова, тележурналист,
Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори

Теглар:Зулфия Ҳамид Олимжон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар