...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон ва НАТО алоқаларида воситачи ўзгарди


19:53, 05.12.2018 Жамият
 2 908

Ҳарбий иттифоқ ва Ўзбекистон алоқаларида Латвия воситачилиги тугади.

2019-2020 йилларда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси НАТО ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни ўрнатиш ваколатини бажаради. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
 
Ўзбекистоннинг НАТО билан алоқалар ўрнатиш ваколати Латвия элчихонасидан Туркия элчихонасига ўтказилди. 2019-2020 йилларда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси НАТО ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни ўрнатиш ваколатини бажаради.
 
Бугун Тошкентдаги Wyndham меҳмонхонасининг анжуманлар залида Латвия элчихонасининг Ўзбекистон билан НАТО ўртасида алоқалар ўрнатиш ваколатини Туркия элчихонасига топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда ҳар икки элчихона вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
 
Латвия давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Михаилс Попковс икки йил ичида НАТО ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар олиб бориш даври Ўзбекистондаги муҳим ислоҳотлар ва катта ўзгаришлар даврига тўғри келганини таъкидлади. Мазкур икки йил давомида Латвия элчихонаси НАТО ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаганини айтиб, Туркия элчихонаси уларни ривожлантиришига умид билдирди. Ўз ўрнида Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмед Башар Шен ҳам мазкур ўта масъулиятли вазифани давом эттириш Туркия давлатининг Тошкентдаги элчихонасига топширилганидан мамнун эканлигини билдирди.
 
Михаилс Попковс Латвия элчихонасининг икки йиллик Ўзбекистон ва НАТО ўртасидаги алоқаларни ўрнатиш ваколати даврида амалга оширилган ишлар ҳақида шундай деди: “Латвия элчихонасининг мазкур вазифани амалга ошириш даври Ўзбекистондаги хавфсизлик, ҳарбий соҳаларда, чегара сиёсатида ўзгаришлар ва ислоҳотлар олиб борилган вақтга тўғри келди. НАТОнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ҳам ортаётганини гувоҳи бўлдик. НАТОнинг тренинглар олиб борувчи жамоалари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан узвий алоқада бўлиб келди ва уларга минтақавий хавфсизлик ва бошқа турли мавзуларда ўз маърузаларини таклиф этди. Биз биламизки НАТО ва Ўзбекистон алоқаларини ўрнатиш ваколатини ишончли қўлларга топширмоқдамиз. Туркия элчихонаси биз НАТО билан ўрнатган алоқаларни ривожлантиришига ишонамиз.”
 
Аҳмед Башар Шеннинг айтишича, Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси ўтган йили Брюсселдаги НАТО марказига НАТО ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни ўрнатиш ваколатини бажариш вазифасини олиш учун сўровнома юборган ва ижобий жавоб олган.
 
“Биз 2019-2020 йиллар давомида Ўзбекистон ва НАТОнинг ўртасидаги алоқаларни ўрнатиш ваколатини бажарамиз. НАТО ўзининг ваколати бўлмаган мамлакатларда шундай тизим йўлга қўйилган. Масалан, Туркия Ироқда, Боснияда ҳам айни вазифани бажаради. Биз учун Ўзбекистон алоҳида аҳамиятга эга бўлган қардош мамлакатдир. Шунингдек, Ўзбекистон НАТО учун ҳам муҳим мамлакатлардан ҳисобланади. Чунки, НАТО Афғонистонга Ўзбекистон орқали инсонпарварлик ёрдамларини жўнатишни кўзлаган. Биз бу соҳаларда Ўзбекистон ва НАТО ўртасида маълумотлар алмашинишда ҳам кўприк вазифасини бажарамиз”, деган Аҳмед Башар Шен.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:ЎЗбекистон-НАТО Туркия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар