...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон терма жамоаси БАА вакилларини кичик ҳисобда мағлуб этди


19:39, 23.10.2017 Спорт
 3 337

Учрашувдаги ягона голга 63-дақиқада Ислом Кенжабоев муаллифлик қилди.

Александр Мочинов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-19 терма жамоаси Осиё чемпионати саралаш босқичига тайёргарлик доирасида бугун, 23 октябрь куни БАА ёшларига қарши майдонга тушди.
 
Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтган беллашувда Ўзбекистон ёшлар термаси 1:0 ҳисобида зафар қучди. Учрашувдаги ягона голга 63-дақиқада Ислом Кенжабоев муаллифлик қилди.
 
Ўртоқлик учрашуви
Тошкент, “Бунёдкор” 
23 октябрь, душанба
 
Ўзбекистон U-19–БАА U-19 — 1:0 (0:0).
Гол: Ислом Кенжабоев (63 – пенальти).
 
Ўзбекистон U-19: Умид Эргашев, Жасур Раҳимов (Жасур Эрмаматов), Иброҳим Йўлдошев, Дилшод Саидов, Суҳроб Иззатов, Алишер Салимов, Расул Йўлдошев (Шоҳрух Абдураҳмонов, 55), Санжар Зокиров (Асадбек Собиржонов, 82), Ҳасан Йўлдошев (Акмал Мозговой, 46), Ислом Кенжабоев, Шаҳбоз Умаров (Бобуржон Асқаров, 46).
 
БАА U-19: Суҳаил Абдулла Мутаваа, Умар Саид (Муҳаннад Аҳмад, 85), Мажид Султон, Саиф ал-Сваиди, Умар Салим, Холид ал-Белуши, Али Салеҳ (Муҳаммад ал-Досари, 85), Халфан ал-Ноби, Абдулраҳмон Салеҳ (Муҳаммад Сирваши, 69), Аҳмад Фавзи (Рашид Ҳалфан, 69), Фаҳад ал-Ҳаммади.
 
Огоҳлантириш: Умид Эргашев (90).
Четлатиш: Мажид Султон (62 - иккинчи огоҳлантириш).
Амалга оширилмаган пенальти: Халфан ал-Ноби (45).
 
Ўзбекистон U-19–БАА U-19 (1:0) ўртасидаги ўртоқлик ўйинидан кейин ташкил этилган ҳар икки жамоа мураббийилари матбуот анжуманида иштирок этишди.
 
Дастлаб Амирликлар бош мураббийи Любинко Друлович ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
 
“...Бугун яхши ўйин гувоҳига айландик. Ўзбекистон ёшлар термаси — жуда кучли жамоа. Ўйинчиларимнинг майдондаги хатти-ҳаракатидан қониқиш ҳосил қилдим.
 
Кўплаб вазиятлар бўлди, аммо улардан унумли фойдалана олмадик. Айтиш керакки, йигитларим охиригача курашди ва бундан мамнунман.
 

 
БАА ёшлар термаси билан ишлаётганимга атиги 4 ой бўлди. Жамоанинг 7–8 нафар футболчиси ҳарбий ҳизматга чақирилгани учун муаммоларга дуч келдик ва жамоани деярли бошидан туздик. Умид қиламанки, янгидан тузилаётган жамоа муваффақиятларга эриша олади.
 
Осиё чемпионати саралашидаги рақиблар — Баҳрайн, Қирғизистон ва Уммон анча жиддий рақиблар. 31 октябрь куни Уммонга қарши бўлиб ўтадиган дастлабки ўйин оғир кечади.
 
Мақсадимиз — гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритиб, Осиё чемпионатига йўл олиш. Бугунги ўйиндаги ҳакамлик борасида эътирозлар йўқ.
 
Футболчиларимиз гол ура олмаса, айб ҳакамда бўлмайди. Икки кундан кейин яна бир ўйин бор ва унда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз”, деди сербиялик мутахассис.
 
Маълумот учун, Любинко Друлович Сербия U-19 термаси, Сербия ва Македония миллий терма жамоаларида, шунингдек, Белграднинг “Партизан” клубида фаолият юритган.
 
Сўнгра Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Александр Мочинов ҳам ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
 
“...Бу каби халқаро ўртоқлик ўйинларини ташкил қилгани учун ЎФФ раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Шунингдек, БАА футбол уюшмасига ҳам ташаккур айтаман.
 
Бу йил БАА ёшлари билан иккинчи бор тўқнаш келмоқдамиз. Уларга қарши ўйинлар доим мазмунли ва курашга бой тарзда ўтади.
 
Умуман олганда, бугунги беллашув қизиқарли ўтди: пенальтилар бўлди, четлатишлар, курашлар. Мен ҳакамлар қарорини муҳокама қилмайман ва буни ёқтирмайман.
 

 
Жасур Раҳимовнинг қоши ёрилди ва у дарҳол шифохонага юборилди. Унинг ҳолати оғир эмас. Футболчи бугуннинг ўзида жамоа сафига келиб қўшилади.
 
Футболчилар ҳали ёш ва ҳужумда ўзини бироз йўқотиб қўяди. Бирга-бир вазиятлардан унумли фойдаланмаганини шу билан изоҳлаш мумкин. Ҳимояда ҳам шундай. БАА ёшлар термаси ҳам шундай муаммоларга дуч келганини кўрдик.
 
Саралаш ўйинлари олдидан ҳимоя чизиғидан хавотирим бор. Кўплаб ўйинларни ўрганиб, таҳлил қилдик. Шунинг учун, ҳимояга эътиборни қаратамиз.
 
ОЧ саралашидаги рақиблар ҳақида маълумотлар топиш қийин, аммо улар бор. Имкон қадар рақиблар ҳақида маълумот тўплашга ҳаракат қиляпмиз”, деди Александр Мочинов.
 
Ҳар икки жамоа вакиллари 25 октябрь, чоршанба куни яна бир ўртоқлик ўйинида ўзаро куч синашиб кўришади.
 
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 14 ноябрь куни Бирлашган Араб Амирликлари билан ўртоқлик учрашуви ўтказади. Мазкур ўйинга терма жамоани “Насаф” устози — Рўзиқул Бердиев тайёрлаши ҳақида хабар бергандик.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Ўзбекистон (U-19) БАА ўртоқлик учрашуви 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!