...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон БАА билан нефть-газ, туризм соҳасида лойиҳаларни амалга оширади


15:54, 07.05.2018 Жамият
 2 286

Ўзбекистон Президенти БАА Бош вазири ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазир Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаённи қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 май куни мамлакатимизга ташриф буюрган Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазир Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаённи қабул қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
 
Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги турли даражадаги алоқалар фаоллашгани, барча соҳаларда икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганини мамнуният билан қайд этди.
 
Суҳбат давомида икки томонлама амалий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, жумладан, Ўзбекистонга Амирликлар инвесторларини истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга кенг жалб этиш, уларнинг фаолиятини тизимли равишда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
 
Бу борада нефть-газ, кимё, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, логистика, туризм, шаҳарсозлик ва аҳамиятга молик бошқа қатор соҳаларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишиб олинди.
 
Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён ўз навбатида Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаённинг юксак ҳурмати ва эзгу тилакларини етказди.
 
Учрашув чоғида меҳмон жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида билдирилган таклифларни Амирликлар ҳукумати тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
 
Шунингдек, Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, аниқ истиқболли инвестицион лойиҳаларни ҳаётга тўла татбиқ этишга Бирлашган Араб Амирликлари тайёр эканини маълум қилди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Шавкат Мирзиёев БАА 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар