Туркиялик ҳамкорлар Ўзбекистон солиқ маъмурчилиги тажрибаси билан таништирилиб, бу борада қизғин муҳокамалар олиб борилмоқда.
Туркия Республикаси Солиқ хизмати раҳбари Аднан Эртурк билан ўтказилган учрашув давомида тарафлар солиқ маъмуриятчилиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, стратегик режалар бўйича фикр ва тажриба алмашдилар.
Туркиялик вакиллар солиқ маъмуриятчилигининг барча йўналишларида, шу жумладан, таваккалчиликларга мосланган муносабат тизими йўналишида ахборот-коммуникация технологияларининг изчил қўлланилиши кенгайтирилаётганлиги ҳамда ходимлар сони 1200 кишини ташкил этадиган Таваккалчиликни таҳлил этиш марказини ташкил этиш лойиҳаси тайёрланаётганлиги ҳақида маълумот бериб ўтдилар. Таъкидланганидек, ушбу саъй-ҳаракатларнинг кучайтирилиши соҳада инновацион технологияларнинг янги босқичига ўтиш имкониятини яратиб беради ва бюджетга қўшимча маблағларнинг тушиши таъминланади.
Ўтказилган учрашув якунларига кўра томонлар идоралараро ҳамкорликни давом эттириш ҳамда солиқ маъмуриятчилиги (таваккалчиликларни таҳлил этиш, онлайн назорат-касса машиналари, электрон ҳисобварақ-фактуралар, Big Data ва бошқалар) соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини изчил қўллаш бўйича ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни тузиш истагини билдирди.