Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизматининг хабарига кўра, Корея Республикасининг ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам Ўзбекистон ҳудудида амал қилади.
Томонлар ўртасидаги Битимга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари назарий ва амалий имтиҳонларсиз ҳужжатларини Жанубий Корея ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштирганларидан сўнг Корея Республикаси ҳудудида транспорт воситаларини бошқаришлари мумкин.
Қолаверса, Корея Республикасининг ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам Корея Республикаси ваколатли органи томонидан қўйилган апостил ҳамда Ўзбекистон Республикасининг нотариал идора томонидан тасдиқланган ўзбек тилидаги таржимаси бўлган тақдирда, Ўзбекистон ҳудудида Ўзбекистон Республикаси ҳайдовчилик гувоҳномаси билан тенг равишда амал қилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш ва алмаштириш тўғрисидаги Битим 2015 йилнинг 28 май санасида Сэул шаҳрида имзоланган эди.
Ушбу битим ҳақидаги тўлиқ маълумотни lex.uz сайтидан олишингиз мумкин.