Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми жорий йилнинг ўтган 8 ойида 20 фоизга ошган.
Хабарда айтилишича, Грузия Ўзбекистоннинг Кавказ минтақасидаги муҳим ҳамкори бўлиб, мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар изчил ривожланмоқда.
Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган 8 ойда 20 фоизга ошган.
Музокараларда товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, савдо-саноат палаталари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, савдо уйлари ташкил этиш ва қўшма кўргазмалар ўтказиш масалалари муҳокама қилинган.
Ўзбекистон Грузияга автомобиллар, тўқимачилик ва электр техникаси маҳсулотлари экспорт қилиш, Грузия йўллари орқали жаҳон бозорига чиқишдан манфаатдор экани ҳамда Грузия Ўзбекистондан мева-сабзавотлар харид қилиш, виночилик соҳасида қўшма корхоналар ташкил этиш истагида экани таъкидланди.
Ўзбек-грузин халқлари ўртасида дўстлик ва ўзаро ҳурмат қарор топган бўлиб, Ўзбекистонда грузин миллатига мансуб фуқаролар жамиятда фаол иштирок этмоқда.
Шавкат Мирзиёев ва Георгий Квирикашвили учрашувда ўзаро ҳамкорликни барча йўналишларда янада ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлиги, бу мамлакатлар ва халқлар манфаатларига хизмат қилишини қайд этган эди.
Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18–20 сентябрь кунлари АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида расмий ташриф билан бўлгани ва Президент қатор давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан учрашиб, БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида нутқ сўзлагани ҳақида хабар берган эдик.