...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон делегацияси ўтирган самолёт Рио-де-Жанейродан Тошкентга келиб қўнди


22:09, 23.08.2016 Жамият
 6 985

Аввалроқ хабар берганимиздек, бугун, 23 август куни Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этиб, зафар қучган Ўзбекистон делегацияси Тошкентга келди. Ўзбекистонлик спортчилар ўтирган махсус чартер рейс Тошкент аэропортига келиб қўнди.





Бугун мамлакатимизда катта тўй ва тантана. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллик тўйи арафасида ўзбекистонлик спортчиларнинг 13 нафари Олимпиада ўйинлари совриндори бўлди. Айни дамда юртдошларимиз спортчиларни муносиб кутиб олиш, уларни қутлаш учун Тошкент аэропортига йиғилишган. Байромона кийинган ўқувчилар, қўлида Ўзбекистон байроғини тутган ёшларни кўриб, кўзинг қувнайди.







Маълумот ўрнида, Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар Ҳасанбой Дўстматов, Руслан Нуриддинов, Шаҳобиддин Зоиров, Фазлиддин Ғоибназаров олтин, Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев кумуш, Диёрбек Ўразбоев, Ришод Собиров, Рустам Тўлаганов, Элмурат Тасмурадов, Муроджон Аҳмадалиев, Ихтиёр Наврўзов ва Магомед Ибрагимов бронза медалларини қўлга киритишди.



Айни вақтларда Тошкент аэропортида Олимпиада иштирокчиларини кутиб олиш маросими бўлиб ўтяпти. Унда Ҳукумат вакиллари, спорт усталари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, талабалар, спортчиларнинг ота-оналари ва оила аъзолари иштирок этмоқда.












Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саид сўзга чиқиб спортчиларни муваффақият билан қутладилар.

Тадбирда Олимпиада ўйинларининг олтин медалини қўлга киритган Ҳасанбой Дўстматов, Фазлиддин Ғоибназаров, Шаҳобиддин Зоиров ва Руслан Нуриддиновга сўз берилди.

"Бу медаль ҳаммамизники! Юртимизда яратиб берилган шароит учун Президентимизга катта раҳмат! Ўзбекистон қандай давлатлиги ва нималарга қодир эканини кўрсатди", дейди Руслан Нуриддинов.

Айни дамда шаҳар кўчалари, айниқса, Ойбек ва Нукус кўчаларига одамлар тўпланиб, спортчилар ўтадиган автобусларни кузатиш илинжида туришибди.

Сўз навбати Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти Озодбек Назарбековга берилди. Хонанда спортчиларни узоқ ва жўяли гаплар билан табриклади.

Озодбек Назарбеков ўз сўзини тугатиб "Ўзбекистон" номли қўшиғини куйлади. Спортчиларимиз карнай-сурнай садолари остида Тошкент аэропортини тарк этиб, махсус автобусларга минишяпти. Уларни йиғилганлар олқишлаб, қўллаб-қувватлаб туришибди.

Теглар:Олимпиада Рио-де-Жанейро 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар