...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбек тили қачон чиндан “халқ тили” бўлади?


10:39, 21.10.2017 Жамият
 3 359

Ўзбекистонда давлат тили “она тили” дарслигидагими, ҳужжат юритилаётганими ёки газета-журнал саҳифаларида ўқиётганимизми?

Аввало, бугунги байрам — Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 28 йиллиги билан барча юртдошларимизни таҳририят номидан муборакбод этамиз!
 
Айнан шу воқеа, яъни Совет Иттифоқи таркибидаги Республика ўзининг миллий тилига давлат тили мақомини бериши — Истиқлол томонга қўйилган илк қадамлардан бири бўлганлиги билан ҳам фахрли, ҳам аҳамиятли.  
 
Мана, мазкур санага ҳам 28 йил тўлибди... Ўтган вақт оралиғида ўзбек тили аҳолининг нафақат сўзлашув тили, балки таълим-тарбия олиш, иш юритиш, ижод қилиш, борингки, ғурурланиш ва фахр-ифтихор тилига айланди. Бироқ...
 
Бироқ бу борада камчиликлар бир талай... Ҳамон русча ёки инглизча аралаштириб сўзлашамиз, ҳамон рус тилида иш юритамиз, ҳамон имло қоидаларидаги айрим “баҳс”ларга тугал ечим беролмаймиз...
 
Шу ўринда ҳақли савол туғилади — Ўзбек тили қачон чиндан Давлат тили, Халқ тили бўлади?
 
Ўзбекистон ҳудудида турли миллат ва элатлар истиқомат қилади. Аммо ўзбек тилида мулоқот қилувчилар кўпчиликни ташкил қилади. Ҳар йили 21 октябрь ўқув муассасаларида кенг кўламда нишонланади.
 
Давлат тили, халқаро талабларга кўра, шундай таърифланди: “Давлат тили — мамлакатда қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимияти олиб бориладиган тилдир”.
 
“Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги қонун 1989 йилнинг шу куни, яъни 21 октябрь санасида қабул қилинди. Юқорида таъкидлаганимиздек, бугун ўзбек тилининг расмий тил деб эълон қилинганига 28 йил тўлди!
 
Хўш, Ўзбекистонда давлат тили “она тили” дарслигидагими, ҳужжат юритилаётганими ёки газета-журнал саҳифаларида ўқиётганимизми?
 
Ҳозирги кунда аксар давлат ташкилотларида ҳужжат алмашинув рус тилида олиб борилади. Бу ҳолатни ўзгартиришга 28 йил етмадими?
 
Турли соҳаларда илмий ишларни ҳали-ҳануз рус тилида ҳимоя қилинади. Сабаби — ўзбек тилидаги айрим илмий адабиётларининг етишмаслиги!
 
28 йил давомида адабиётларни таржима қилишнинг имкони топилмадими?
 
Рус тили, албатта, мамлакатимизда истиқомат қилувчи аҳолининг нисбатан катта қисмининг мулоқот тили. Лекин ўзбек тили бизга ота-боболаримиздан қолган омонат-ку! Уни ривожлантириш, оммалаштириш бурчимиз эмасми?! Бунинг ўрнига уни вақт ўтган сари “сиқиб “боряпмиз.
 
Халқ орасида “ўзбек мактабга берманг, яхши ўқитмайди”, деган тушунчалар пайдо бўлган ва кун сайин “мустаҳкамланмоқда”...
 
Нима учун?”
 
Фарзандингизнинг қўли лотин ёзувида ёзишга ўрганади, табииийки, унга лотин ёзувидаги имло қоидалари ўргатилади. Мактабни битиргач эса, ундан кирилл алифбосида ёзишни, яъни ишлашни талаб этади. Бундан ташқари, кирилл алифбосидаги имло қоидаларни билиш-билмаслиги “имтиҳон” қилинади, ҳужжатларни эса рус тилида олиб бориш “юқори сифатли” талабга айланади.
 
1993 йилдан бошлаб ўзбек тилининг ёзма шакли лотин алифбосига асосланган ёзмага кўчирилди. Ўтган 24 йил катта авлод вакилларига лотин ёзувини ўрганишга етмадими?
 
Шу йил оралиғида қанча болалар мактабдан сўнг “қайта мактаб” ўтадилар?!
 
 “Ўзбек тилида иш юритиш қийин, жумлалар узун”, “ёши улуғ одамга янгиликни ҳазм қилиш қийин” каби баҳоналар билан расмий тил “иш юритиш тилига” айлана олмади.
 
Азиз катта ёшдаги мутахассис ходимлару ижод аҳли, Сизнинг лотин ёзувини ўрганишингиз қийинлигини сабаб яна қанча авлод “сарсон бўлиши” керак?!
 
Йилдан йилга фикрни баён қилиш учун узунроқ жумла тузишга тўғри келяпти, сабаби нимада? Рус тилидаги бир қатор жумлани битта йирик хатбошига тенг жумлалар билан “мағзини чақиб олишга уриниш” амалиётими?!
 
Ўзбек тили яратиш тили эмас, маълум маънода таржима тилига айланди... Кўр-кўрона, сўзма-сўз таржима асарлар яратилди, фильмлар бериляпти. Тўғри, таржима ҳам — санъат! Бироқ...
 
Бутун халқнинг эътиборига ҳавола қилинаётган асар таржимаси ўз ишининг устасига топширилиши керак. Масалан, турк тилини ёки ҳинд тилини билдинг, таржима қилавер, деб ишни талабага топшириш ярамайди.
 
Таржимани икки халқнинг урф-одатини, менталитетини, халқ оғзаки ижодини яхши биладиган, тажрибали, ижод оламида ўзига яраша ном қозонган таржимонга бериш керак! Тил билган талаба “сўралган салла” ўрнига сўз таъсирини кучайтириш учун “каллаларни” ҳам олиб келмаяптими?!
 
Майли, улар ҳам 3 сўм топсин, дерсиз. Касрига 32 млн аҳоли қолсинми?!
 
“Zo‘r TV” томонидан “Севги изтироби” (Kara sevda) сериали намойиш этиляпти...
 
Ҳурматли ижодкорлар, кўчадаги тарғиботга ажратган маблағингиз — яхши таржимон ёллашга етар эди!
 
Кўрган томошабинларнинг 70–90 фоизи таржимадан кўнгли тўлмаган... Сериал кўпчиликнинг оғзига тушгач, унинг бир қисмини кўриб, таржимасини ўз имкониятларим даражасида таҳлил қилдим...
 
“Биз сен билан оила кабимиз”, эмиш....
 
Сўзма-сўз худди шундай таржима қилинади, аммо қайси ўзбек шу жумлани ҳаётида бир марта бўлса ҳам ишлатган?!
 
“Биз сен билан бир оиладекмиз”, дейишнинг иложи йўқмиди?!
 
Демак, кишиларнинг исмини “ўзбекчалаштирса” бўларкан-да? Ғарб филмларидаги Даниелни — Дониёлга, Майклни — Микоилга, Давидни — Довудга, Надеждани — Умидага айлантирайлик унда...
 
Мактабда бизга “a’zo” сўзи шундай ўргатилган. Лотин ёзувидаги тутуқ белгиси кирилл алифбосидаги қайси белгига тўғри келади: “аъзо”ми? “аьзо”ми?
 
“1-sentabr”ми?  “1 сентябрь”ми?
 
Бизни-ку, “лойимиз тепкиланиб-тепкиланиб пишяпти”. “Тепкилайдигани” йўқлар чаласавод бўлиб қолиши керакми?
 
Бу ўзбек халқи чаласаводликка қараб кетяпти, дегани эмасми?!
 
Тилшуносларга ўтган 28 йил умумий қоидаларни ишлаб чиқишга етмадими?! Бу бир миллатнинг муаммоси! Аждодлари кўкка кўтарган она тилисини асрай олмаётган авлод муаммоси!
 
Дунёда кўплаб ўлик тиллар бор, ўрганиш қийинлигидан, талаб камайганидан “дунёни тарк этган” тиллар улар...
 
Шу сабабли ўз тилимизни асрайлик, уни ривожлантириш, қўлдан келмаса, бузмаслик бизнинг фарзандларимиз, авлодларимиз олдидаги мажбуриятимиз эканлигини унутмайлик!
 
Азизлар, ўз она тилингизни севинг! Оилангизда ўз миллий тилингизда мулоқо қилинг (мулоқотда рус ёки инглиз тилини ўрганиш — уларни айрим катта ёшлилар каби аралаштириб гапириш дегани эмас)!
 
Ўзбек тилидаги дурдона асарларни ўқинг(Фарзандларингизнинг келажаги учун илгари кирилл алифбосида ўқиган асарларингизни лотин ёзувида ҳам ўқишга ҳаракат қилинг)!
 
Юқоридаги фикрларим — янги авлод вакилининг “дардли” сўзлари эди...
 
Кимнидир ноўрин айблаган бўлсам, етук тилшунос олимлар, ҳурматли адиблардан узр сўрайман. Аммо камина бугун тилга олган муаммо янги авлоднинг таҳсил олиш ва меҳнат фаолиятида жиддий тўсиқларга дуч қилаётгани барчамизга маълум.
 
Азиз мухлислар, мазкур масала юзасидан фикр-мулоҳазаларингизни кутамиз!
Нозимахон Абдураҳимова 

Теглар:Ўзбек тили муаммолари Давлат тили 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Киевда яна митинг

17:51, 23.01.2018 3 308

Изоҳлар




Изоҳлар

Ilhom
00:29 14.11.2017

Assalomu -alaykum hurmatli redaksiya!Tilimiz va uning tozaligi haqidagi fikrlar meni ham ancha vaqtdan beri o'ylantirib keladi...fakat boshqa tomondan.Kirill alifbosi albatta katta muammo,lekin undanda kattaroq muammo(xavf degan bo'lardim) , bu televidenie ekranlaridan quyilayotgan toshkent shevasidagi chlasavod bilimdon suxandonlar ,boshlovchilar va san'atkorlardir deb o'ylayman.Chunki har bir soniyalarda xalqimiz qulog'iga quyilayotgan chala,g'aliz toshkent shevasidagi hikoyalar,hazillar,ashulalar o'zbek xalqining toza o'zbek tilni anchayin buzilishiga olib keldi deya olaman.Lekin bu haqda biror joyda biror kishining yoki mutaxassisning kuyinib yozganini yoki gapirganini ko'rmadim. Telefonda yozish menga juda noqulay bo'lgani sababli qisqa yozib qo'ya-qoldim.Su so'zlarimni sahifangizda yozib chiqsangiz men sizlarni haqiqiy " qalampir"ligingizga ishonaman.


Иноятилла Қудратҳожи-ўғли
14:07 22.10.2017

Hurmatli muallifimiz maqolalarini katta yoshli o`quvchi uchun kiril alifbosida yozganlarmi yoki lotinda yozsam hech kim o`qimaydi debmi?



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар