Ўзбекистон Республикаси Президенти тегишли қўмита ва мутасаддилар олдига аниқ вазифалар белгилаб берди.
Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқариш тизимини такомиллаштириш, оммавий спортни ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни танлаш ва тарбиялаш, соҳани малакали кадрлар билан мустаҳкамлаш ҳамда замонавий спорт иншоотларини барпо этиш масалаларига бағишланган йиғилиш давомида бу соҳада амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.
2017 йилнинг ўзида мазкур соҳага оид 20 дан ортиқ ҳужжат — Президент фармойиш ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тузилмасидаги Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижро аппарати, 300 га яқин спорт таълим муассасаси Давлат қўмитаси тасарруфига ўтказилди.
Жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш кенгаши ташкил этилди.
Ҳудудий бошқарув органлари таркибида 201 та туман (шаҳар)да жисмоний тарбия ва спорт бўйича вакиллар фаолияти йўлга қўйилди.
Йиғилишда ютуқлар билан бирга танқидий хулосалар ҳам билдирилди. Хусусан, спортчиларнинг халқаро мусобақаларда қўлга киритилаётган медаллари фақат бокс, дзюдо, оғир атлетика ва спорт курашлари билан чегараланиб қолаётгани танқид остига олинди.
Гимнастика, трамполин, енгил атлетика, таэквондо, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, велоспорт каби бошқа салоҳиятли спорт турлари бўйича ҳам кўпроқ ютуқларга эришиш юзасидан аниқ чоралар белгилаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти тегишли қўмита ва мутасаддилар олдига аниқ вазифалар белгилаб берди.