“UzASBO” дастури орқали бюджет ташкилотлари ходимлари ҳисобланган иш ҳақи ва бошқа тўловлар ҳақида SMS орқали маълумот олишлари мумкин.
– 2016 йилнинг февраль ойидан бошлаб яна бир янги хизмат тури жорий этилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ахборот ҳисоблаш маркази мутахассиси Обид Абдуқодиров. – Эндиликда бюджет ташкилотлари ходимлари “UzASBO” дастурий мажмуасида ҳисобланган иш ҳақи ва бошқа тўловлар тўғрисида SMS орқали маълумот олишлари мумкин. Бунинг учун 7878 қисқа рақамига zp*12345*01*2016 кўринишида SMS юборилади. Бунда zp – лотинча белги бўлиб, ойлик иш ҳақи маълумотини билдиради ва ўзгармас ҳисобланади. 12345 – ходим коди ҳисобланиб 1-9999999 гача бўлган рақам билан ҳар бир ходимга алоҳида берилади. 01 ва 2016 – ой ва йил рақамларидир. Ходим кодининг рақами ҳамда 7878 рақамидан келадиган жавоб SMS матнида тўлов турларини кўрсатишда фойдаланиладиган қисқартма номлар бўйича ташкилот ҳисобчисидан тўлиқ маълумот олиш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2011 йилда фойдаланишга топширилган бюджет ташкилотлари бухгалтерлик ҳисобини юритувчи “UzASBO” дастурий мажмуасидан ҳозирги кунда 26 мингдан зиёд ташкилот фойдаланиб келмоқда.
Маълумот учун, 2012 йилда “UzASBO” дастурий мажмуасининг бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларини ҳисоблашга ихтисослаштирилган алоҳида модули ишлаб чиқилган. Ҳозир бюджет ташкилотлари томонидан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар бўйича харажатлар тегишли муассасаларга электрон кўринишда юборилмоқда