...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўтиш даври машаққатлари ва раҳбар феномени (3-қисм)


21:08, 12.12.2017 Жамият
 4 055

Мустақиллик даврида ишлаб чиқариш соҳасида амалга оширилган энг муҳим ишлардан бири – мамлакатимизда автомобилсозлик саноатининг вужудга келишидир.

Иқтисодий қадриятлар тизимининг шаклланиши
Ҳар қандай мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий тузумини ўша давлатда қарор топган ишлаб чиқариш ҳамда мулкка бўлган муносабатлар белгилаб беради. Биз ўз тарихимизда инсониятнинг давлатлар барпо этиш борасидаги ривожланиш жараёнларини турли “-изм”лар билан белгилаб, ўрганиб келганимиз сир эмас. Агар, давлатнинг пайдо бўлиш тарихига чуқурроқ назар солсак, давлат дастлаб хусусий мулкни ҳимоя қилишга йўналтирилган институт сифатида вужудга келганига гувоҳ бўламиз. Инсониятнинг бутун ривожланиш жараёнида давлатнинг асосий вазифаси хусусий мулкни ҳимоя қилишга йўналтирилган бўлсада, собиқ тоталитар тузумнинг мафкураси фуқароларига ўнлаб йиллар давомида умумулкчилик қадриятини сингдирганди. Бунинг оқибатида фуқароларда хусусий мулк ва мулкдорлар ҳақида нотўғри тушунча ва тасаввурлар шаклланиб, дунёқараши мулкдорларга нисбатан нафрат руҳига йўғрилган эди. Фуқароларнинг онгидаги жамиятнинг ривожланиши учун зарарли бўлган бундай стереотипларни бартараф этиш ва мулкдорликка рағбат уйғотадиган янги иқтисодий қадриятлар тизимини шакллантириш учун вақт ва сиёсий ирода талаб қилинарди.

Иқтисодий ислоҳотлар амалда, давлат мулкини хусусийлаштиришдан бошланиши керак эди ва шундай бўлди. Ушбу жараён Ўзбекистон Респубикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон  Республикаси  Олий  КенгашиXIII сессиясининг1993 йил 2 сентябрдаги мажлисида сўзланган, “Ўзбекистон  иқтисодий  сиёсатининг  устувор  йўналишлари” деб номланган нутқида қуйидагича ифодаланган эди:“Шу борада бугунги босқичда олдимизда турган энг муҳим масалалар:

биринчидан, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш йўли, янги пайдо бўлаётган нодавлат, яъни ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланаётган ва аҳолига хизмат кўрсатаётган хусусий, акционерлик, коллектив ва бошқа корхоналарни қўллаб-қувватлаш билан аралаш, кўп тармоқли иқтисодиётни шакллантиришдир;

иккинчидан, нарх-наволарни босқичма-босқич эркинлаштириш, монополияга қарши қаттиқ сиёсат ўтказиш, давлат корхоналарининг фаолиятини тижоратлаштириш ҳисобига рақобат муҳитини вужудга келтириш;

учинчидан,  бевосита  хўжалик  алоқаларини  ҳар  томонлама  ривожлантириш, товарлар,  сармоя,  иш  кучи  ва  бошқа  бозорларни  шакллантириш  борасидаги  чора-тадбирларни  амалга  ошириш,  бозор  инфраструктурасини  вужудга  келтириш,  бозоршароитида ишлай оладиган малакали кадрлар тайёрлашдир”.

Юқоридаги тамойилларга назар ташласак, давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш орқали кўп тармоқли иқтисодиётни шакллантириш устувор вазифа сифатида белгилаб олингани ҳам бежиз эмас. Бугунги кунда ривожланган давлатчилик анъаналарига эга давлатларнинг барчасида, мулкчиликнинг бир қанча турлари мавжудлигини барчамиз биламиз. Бизда ҳам худди шундай кўп тармоқли иқтисодиётни барпо этиш талаб қилинарди. Чунки, собиқ Иттифоқ даврида фуқаролар фақатгина шахсий мулк ва давлат мулкидан иборат кўникмаларга эга эди. Энди уларда “хусусий, акционерлик, коллектив ва бошқа корхоналар”дан иборат мулкдорлик кўникмаларини шакллантириш зарур эди. Бунинг учун “бозор шароитида ишлай оладиган малакали кадрлар тайёрлаш”га давлат томонидан эътибор берилгани, илмий жиҳатдан асосланган ёндашув эканлигини алоҳида таъкидлаш керак. Айнан шундай ёндошув натижасида  бугунги кунда ватандошларимизнинг иқтисодий тафаккури, молиявий саводхонлиги ошганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Бугунги кунда аҳолига савдо-сотиқ, маиший ва бошқа хизмат кўрсатишнинг барча турлари тадбиркорлар томонидан бажарилаётганига оддий ҳол сифатида қараймиз. Шунингдек, “фалончининг корхонаси”, “писмадончининг фабрикаси ёки ишлаб чиқариши бор” деган жумлаларга қулоқларимиз ўрганиб кетди. Буларнинг барчаси хусусий мулкка нисбатан бизнинг онгимизда рўй берган қадриятлар тизимининг ўзгарганидан далолат. Қолаверса, биз катталар ўз фарзандларимизнинг тадбиркор қилиб тарбиялашга ҳаракат қилаяпмиз. Демак, биз уларнинг онгига, ўз меҳнати орқасидан мулкдор бўлиши мумкинлигини сингдиряпмиз.   

Бир нарсани алоҳида қайд этиш керакки, ҳар қандай жамиятда “ўтиш жараёнида” мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришга йўналтирилган ислоҳотларни амалга оширишда, аксарият ҳолларда мулкка эгалик ҳуқуқини давлат бошқарув органларининг масъул лавозимларида ишлаганлар қўлга киритишади. Бунинг асосий сабаби, давлат бошқарув органларининг масъул лавозимларида ишлайдиган мансабдорларда давлат тасарруфидан чиқарилаётган ёки хусусийлаштирилаётган мулк тўғрисида кўпроқ маълумот ҳамда маъмурий ресурсларнинг мавжудлиги билан изоҳланади. Натижада, бозор иқтисодиётига ўтишнинг дастлабки босқичида “номенклатуравий тадбиркорлик” вужудга келади. Бизда ҳам бу жараён шундай воқеликдан ҳоли бўлмади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида”ги фармони мана шундай ҳолатларни бартараф этиш, шунингдек, барча тадбиркорларга тенг имкониятлар яратиш йўлида ташланган муҳим қадам эканлигини алоҳида таъкидлаш зарур.

Бугунги кунда давлат ва ҳуқуқ соҳаси назариячилари томонидан давлатнинг асосий вазифаларидан бири мамлакатда пул-кредит муносабатларини ташкил этиш ва тартибга солишдан иборат, дейилади. Қолаверса, миллий валюта миллий мустақилликнинг асосий рамзларидан биридир.  Лекин, Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки вақтда, яъни 1991-1992 йилларда мамлакатимизда қандай пул муомалада эди, деган  саволни ўзимизга бериб кўрайликчи....

Ана шунда ўтиш даври машаққатларини қисман англаб етамиз.

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг юқорида келтирилган нутқида бу масала қуйидагича ифодаланган: “Ҳар бир давлат пул, банк, молия сиёсатини ўз қўлига олмаса, иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлолмайди. Бу  ҳаммамизга  аён. Тарихга  назар  ташлайдиган  бўлсак, мустақилликка эришган ҳар бир давлат ҳам шундай йўл тутган”. Дарҳақиқат, бошқа давлатнинг муомаладаги валютасига миллий иқтисодиётни барпо этиш мумкин эмас. Шунинг учун мамлакатимизда 1993 йилда вақтинчалик чора сифатида сўм-купон муомалага киритилди. 1994 йилнинг 1 июлида эса миллий валютамиз – сўм муомалага киритилди. Шундан бошлаб Ўзбекистон том маънодаги мустақиллигига эга бўлди, деб айтишимиз мумкин. Барқарор молия-банк тизими шакллантирилди. Фуқароларимизга амалдаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, хусусий банклар очишгача бўлган эркинликлар берилди. Биз бундай ҳолатларни собиқ Иттифоқ даврида ҳатто тассавур қилишга ҳам қўрқар эдик.

Собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистонга ҳар доим қимматбаҳо пахта хом ашёсини етказиб беришга ихтисослашган аграр республика сифатида қараларди. Аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга муносабати эса ерга хўжасизларча қарашга сабаб бўладиган “колхоз”, “совхоз” кўринишида ташкил этилган эди. Шунинг учун мамлакатимиз аҳолиси ерга эгалик қилиш ҳиссидан мосуво бўлганди. Қишлоқ хўжалигида бирламчи тарзда амалга оширилиши керак бўлган иш, бу – ерни ўз эгасига, яъни деҳқонга топширишдан иборат эди. Қишлоқ хўжалигидаги ишларни ташкил этишда ерга эгаликнинг фермерлик ва деҳқон хўжалиги кўринишидаги ҳуқуқий шаклидан фойдаланишга ўтилди. Бу ер эгалари бўлган деҳқонларнинг ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиши ва ўз меҳнатларидан манфаатдорлигини оширишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Қишлоқ хўжалигида олиб борилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон нафақат пахта хом ашёсини етиштирадиган давлатга, балки аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши хавфсизлигининг гарови ҳисобланган ғалла мустақиллигига эришган давлатга айланди. Бу дегани, Ўзбекистон ҳар қандай шароитда ҳам ўз аҳолисини ғалла билан тўлиқ таъминлаши мумкинлигини англатади. Бугунги ўта зиддиятли ва “санкциялар уруши”га тўла таҳликали даврда, ғалла мустақиллигини қўлга киритиш ҳар бир давлатнинг асосий стратегик вазифаларидан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларда янги даврни бошлаб беради. Чунки мазкур фармонда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг устувор йўналишлари давр талабларидан келиб чиқиб, чуқур илмий таҳлилларга асосланган ҳолда белгилаб берилди.  

Мустақиллик даврида ишлаб чиқариш соҳасида амалга оширилган энг муҳим ишлардан бири – мамлакатимизда автомобилсозлик саноатининг вужудга келишидир. Шаҳарларимиз кўчаларини тўлдириб юрган, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий автомобиллар барчамизнинг узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг автомобилсозлик саноатига эга бўлган, ҳаттоки, қўшни давлатларда ҳам бу соҳанинг ривожланишига асос бўладиган давлат сифатида эътироф этилмоқда. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг хориж давлатларда энг оммабоп автомобиллар сифатида баҳоланиши  миллатимизнинг ақлий салоҳияти ва меҳнатсеварлигига берилган ҳаққоний баҳо. Халқимизнинг ақлий салоҳияти ва меҳнатсеварлигини бутун дунёга ўз автомобилсозлик саноатига эга миллат кўринишида намоён қилишда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг улкан ҳиссаси бор. Мамлакатда автомобилсозлик саноатининг вужудга келиши  ва ривожланиши ҳар бир ватандошимизнинг онгида миллий ғурур, ифтихор туйғуларининг кучайишига хизмат қилди. Автомобилсозлик саноатининг бугунги кундаги ривожланиши эса халқимизнинг зеҳниятида мураккаб технологияларга асосланган замонавий техника воситаларини ҳам ишлаб чиқаришига бўлган ишончини янада мустаҳкамлади. Автомобилсозлик соҳасида миллатимизнинг минтақадаги халқлар орасида етакчи кўникмасига эга бўлиши – иқтисодий глобаллашув жараёнида хорижий инвестицияларни жалб қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиздир. Мамлакатда мустақиллик даврида автомобилсозлик саноати вужудга келган шаҳарлар сафига Жиззах шаҳрининг ҳам қўшилиши фикримизнинг далилидир. Демак, мустақиллик даврида мамлакатимизда автомобилсозлик саноатининг вужудга келиши ва ривожланиши халқимиз онгидаги ишлаб чиқаришга оид қадриятлар тизимида инқилобий ўзгариш ясади, деган хулосага келишимиз мумкин.
(давоми бор)
Обил Сафаров

Теглар:Ислом Каримов Шавкат Мирзиёев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар