...
МЕНЮ
ONLINE TV

Осиё ўйинларида ғолиб бўлган спортчиларга қанча мукофот пули берилиши сир тутилди


14:35, 29.07.2018 Спорт
 2 488

МОҚда 18 август куни Индонезияда старт оладиган XVIII Осиё ўйинларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Жума, 27 июль куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун саноқли кунлардан кейин Индонезияда старт оладиган XVIII Осиё ўйинларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
 
Анжуманда Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
 
Кутилаётган медаллар ҳақида
 
Яккакураш спорт турларидан медаллар шодасини кутамиз. Шунингдек, Осиё чемпионатида муваффақиятга эришган футболчиларга ҳам ишонамиз. Бир неча спорт тури бўйича Осиё ўйинларида илк маротаба иштирок этяпмиз. Улардан ҳам умидимиз катта. Ўйинларда олдимизга катта мақсадлар қўйганмиз. Ҳар бир спортчимизга ишонамиз.
 
Терма жамоа аъзолари бугунги кунда нима билан банд?
 
Айни пайтда Осиё ўйинларида иштирок этадиган барча спортчилар ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этишяпти. Осиё ўйинларига зўр бериб тайёрланишмоқда. Ўзгаришлар? Ҳа, бир неча спорт турида таркиб бўйича ўзгаришлар бўлиши мумкин. Чунки терма жамоада рақобат катта. Энг кучлиларини танлаб олинади ва уларни мусобақага олиб борамиз.
 
Спортчиларимиз географияси ҳақида
 
Терма жамоада фақат Тошкент шаҳри спортчилари эмас, бутун Республикамиздан спортчилар бор. Бунгача кенг миқёсдаги саралаш баҳслари ўтказилган. Улар орқали спортчилар терма жамоага жалб қилинган. Федерациялар айнан уларга ишонаётгани учун ҳам мусобақага ўша спортчилар боришади. Барча йиғинлар, натижалар, кўрсаткичлар таҳлил қилинган. Ана шундан кейин бир қарорга келинди.
 
Индонезияда машғулот олиб бориш бўйича муаммолар бўлмайдими?
 
Ҳар бир мамлакат делегацияси Осиё ўйинларида энг яхши шароитларда машғулотлар ўтказишга ҳаракат қилади. Ўз навбатида, Ўзбекистон терма жамоаси ҳам Осиёнинг энг нуфузли мусобақасига жиддий тайёргарлик кўриб қўйган. Индонезияда спортчиларнинг машғулот олиб боришлари учун ҳам шароитлар етарли бўлади. Ўйинлар бошлангунга қадар ҳар бир терма жамоа машғулот залларини банд қилиб қўяди. Масалан, Ўзбекистон терма жамоаси учун 15:00 дан 17:00 гача бокс зали банд қилиб қўйилди. Режага кўра, ўша вақтда фақат бизнинг спортчилар машғулот ўтказиши мумкин бўлади. Бу каби масалаларнинг барчаси ташкилий қўмита жадвалига киритилган. Барчаси режалаштириб қўйилган бўлади ва муаммо бўлмайди. Ташкилий қўмита томонидан барча шароит яратиб берилган.
 
Терма жамоа спортчиларининг тайёргарлиги
 
Айни пайтда Осиё ўйинларида иштирок этадиган барча терма жамоаларимиз тайёргарликнинг якуний босқичини олиб боришмоқда. Мураббийлар ўз стратегиясига кўра ишлашда давом этишмоқда. Спортчиларимизнинг аксарият қисми жисмоний тайёргарликни маромига етказиб бўлишди. Айни пайтда кимдир техник ва тактик тайёргарлик олиб бораётган бўлса, яна кимдир руҳий тайёргарликка эътибор қаратган. Ҳуллас, тайёргарликнинг сўнгги босқичи қизғин паллага кирган.
 
Спортчиларни тақдирлаш масаласи
 
Яқин кунларда бу борада ҳукумат қарори эълон қилинади. Совриндорларга мукофот пуллари албатта берилади. Қанча миқдорда эканлиги ҳозирча сир. Аммо, шуни айтишим мумкинки, бу сафарги Осиё ўйинларида эътибор ҳар қачонгидан ҳам юқори даражада бўлади. Табиийки натижалар ҳам шунга яраша бўлишини кутаяпмиз.
 
Паралимпиячиларимиз ҳам жиддий тайёрланишади
 
ПараОсиё ўйинларига ҳам тайёргарлик давом этмоқда. Айни пайтда терма жамоаларимизда селекция ишлари олиб борилмоқда. Ўйинларда енгил атлетика, дзюдо, сузиш, пауэрлифтинг каби спорт турларида иштирок этамиз.
 
Ўсмирлар Олимпиадаси ҳақида
 
Буэнос-Айресдаги III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларига ҳозирча 30 та лицензия нақд қилганмиз. Яна 7 та лицензия қўлга киритилиши кутилмоқда. Улар ҳам айни пайтда йиғин ўтказишмоқда ва жиддий тайёргарлик кўришмоқда. Осиё ўйинларида ҳам, ўсмирлар Олимпиадасида ҳам “Муҳими ғалаба эмас, иштирок” шиори остида эмас, балки астойдил совринлар учун курашамиз.
 
Жамоанинг кайфияти қандай?
 
Биз шундай режа ишлаб чиққанмизки, унда спортчиларнинг рухий кайфиятини кўтаришга алоҳида эътибор қаратилади. Улар ўз муаммоларини эсдан чиқариб, юқори мақсад йўлида курашга чиқишлари керак бўлади. Мусобақа давомида ҳам улар қўллаб-қувватланади. 2019 йилдан бошлаб ҳар бир спорт турига алоҳида психолог бириктирилади. Улар спортчи билан алоҳида дастур асосида ишлайдилар. Бу ҳам натижалар самарадорлигига ўзининг ижобий таъсирини ўтказиши шубҳасиз.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Миллий олимпия қўмитаси Осиё ўйинлари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!