...
МЕНЮ
ONLINE TV

Осиё чемпионатида омадли иштирок этган полвонлар Ўзбекистонга қайтишди


20:37, 06.03.2018 Спорт
 3 112

Ўзбекистонлик спортчилар мусобақада 15 та медальни қўлга киритиб, ёруғ юз билан ватанга қайтишди.

Аввал хабар бериб ўтганимиздек шу йилнинг 27 февраль - 4 март кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида спорт курашлари бўйича Осиё чемпионати ўтказилди.
     
Қитъа миқёсидаги энг нуфузли мусобақада ўзбекистонлик спортчилар 15 та медалларни қўлга киритиб, ватанга қайтишди.
 
Кеча, 5 март куни Ислом Каримов номидаги “Тошкент халқаро аэропорти”да мусобақада иштирок этган курашчилар тантанали тарзда кутиб олинди.



Спортчиларимизни қарши олиш учун Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов, чемпион спортчиларнинг оила аъзолари, мухлислар “Тошкент халқаро аэропорти”да жам бўлишди.
 
Ўзбекистон терма жамоаси эркин кураш бўйича баҳсларда 3 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медаллари билан спортнинг ушбу тури ниҳоятда тараққий этган Эрон, Қозоғистон, Хитой, Жанубий Корея ва Япония каби мамлакатларни ортда қолдириб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
 
Маълумот учун, эркин курашчилар икки марта - 1999 ва 2011 йилларда ҳам Осиё чемпионатини биринчи ўринда якунлашганди.
 
Аммо фарқли томони шундаки, ўша ҳар иккала мусобақа ҳам Тошкентда бўлиб ўтган ва терма жамоа унда мезбон сифатида иштирок этганди. Бу сафар эса биринчи марта Ўзбекистондан ташқарида, хорижий давлат худудида умужамоа ҳисобида биринчи бўлиш спортчиларга насиб этди. 
 
Шунингдек, юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медаллари билан Осиё чемпионатини умумжамоа ҳисобида кучли учликда якунлади.
 
Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этган спортчиларни олдинда Осиё ва Олимпия ўйинлари кутиб турибди.
 
Биз уларга олдинда турган муҳим ва нуфузли мусобақалардан ҳам мана шундай хурсандчилик ва ёруғ юз билан Ўзбекистонга қайтишларини тилаб қоламиз.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Курашчилар Ўзбекистон Қирғизистон Юнон-рум кураши 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!