ОАВ ходимлари бу ҳақда сўз очишдан аввал, ўйлаб кўрса, масаланинг таг моҳиятига етса, ижодкорларнинг саҳна ортидаги ҳаётидан ҳам бохабар бўлса, вазият кўр-кўрона баҳо бермаса мақсадга мувофиқ бўларди.
“Умуман санъатни йиғиштирса ҳам бўлади айрим хонандалар. Шу Ҳусан деган қўшиқчи ёмон жонга тегди. Шу пайтгача 10дан ортиқ шеърларимни қўшиқ қилиб, клип суратга олдирди. Ҳар сафар кўришганда, яхши гап билан айтаман: Илтимос, шеърларимни ўзгартириб қўшиқ қилманг. Барибир билганидан қолмайди. Яна уялмасдан Аҳад Қаюмнинг шеъри деб мажлисларга бориб юришади. Мен яхши ният билан шеър ёзиб, китоб чиқараман. Яна шунақа ҳолат такрорланса, судга беришга мажбур бўламан. Шунақа хонандаларнинг дастидан мухлисларимиз ва устозларимиздан ҳар доим танқид эшитиб юраман. Минг бор узр, лекин мухлисларимизнинг танқидлари ёмон жонимдан ўтиб кетди”.
Юқоридаги гапларга кўзи тушган ОАВнинг “учар”лари дарров “Аҳад Қаюм хонанда Ҳусанни судга берармиш”, деб бир ёлғоннинг ёнига иккинчисини қўшиб чатишди. Наҳот, бу Аҳад Қаюмнинг навбатдаги пиари бўлиши мумкин деган ўй ОАВ ходимлари хаёлидан ўтмаган бўлса?
“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, деганларидек Аҳад Қаюм ижтимоий тармоққа ёзиб қолдирган изоҳи билан ҳам ўзига, ҳам хонанда Ҳусанга реклама бўлишини ўйлаб, шу ишга қўл урган деган фикрга келишимизнинг сабаблари бор. Аҳад Қаюм ва Ҳусан шунчаки таниш, юқорида таъкидланганидек, фақат мажлисларда кўришиб қоладиган ҳамкасблардан эмас. Улар қадрдон дўст! Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади. Аҳад ва Ҳусаннинг суратларини Instagram’даги саҳифаларида кўп бор учратасиз. Бизнингча, қўшиқлар матни муаллифи Аҳад Қаюм хонанда Ҳусан ҳақида ёзганлари орқали яна тилга тушишни, эътибор марказида бўлишни мақсад қилган кўринади. Бир вақтлар ўзини ўлдига чиқарган Аҳад Қаюмнинг навбатдаги “қора пиар”и аввалгисиданда бўшроқ чиқди. У режани пухта тузмагани шундоқ сезилиб турибди.
Маълумот учун, Аҳад Қаюм бироз аввал, ижтимоий тармоқлар орқали хонанда Ҳусаннинг клипида суратга тушаётганини ҳам хабар қилган эди.
Бизнинг Аҳад Қаюмга ҳам, хонанда Ҳусанга ҳам адоватимиз йўқ. Уларни қоралаш фикридан ҳам йироқмиз. Бугунги томошабин, тингловчи учун майда қўйди-чиқдилар эмас, яхши ижод намуналари керак. Ҳақиқий ижод маҳсули эса ҳеч қандай рекламага эҳтиёж сезмайди.